Ишлаб чиқариш ва олий таълим ҳамкорлиги
Мамлакатимиз аграр соҳасида юқори самарадорликк эришиш учун замонавий техника ва технологияларга асосланган Агрокластерлар фаолияти бугунги кунда юқори самара бераётганлигидан кўпчиликнинг хабари бор. Бу ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида муҳим аҳамият касб этади. Албатта, ушбу соҳани янада ривожлантириш, соҳага илғор хорижий технологияларни жорий этиш, соҳанинг етук кадрларини тайёрлаш жабҳада назария ва амалиётни, илмни қўллаб-қувватлашни бугунги куннинг ўзи исботлаб турибди.
Шу мақсадда 15-апрель куни «ЎзАгросервис» АЖ, “ЎзКейссервис” Ўзбек-Америка қўшма корхонаси ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Қишлоқ хўжалигини механизациялаш” факультети олимлари ҳамкорлигида талабаларга ўқув жараёнида реал ҳолатда ишлаш жараёнини кўрсатиб бера оладиган горизонтал шпинделли замонавий “Кейс” пахта териш машинасининг аппарати олиб келинди. Эндиликда лаборатория машғулотларини реал ҳолатда ўтказиш бўйича шароит яратилди.
«ЎзАгросервис» АЖ, “ЎзКейссервис” Ўзбек-Америка қўшма корхонаси ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми асосида амалий учрашув ҳам ташкиллаштирилди. Учрашувда «ЎзАгросервис» АЖ раисининг биринчи ўринбосари Турсунов Ўктам Мингбоевич, “ЎзКейссервис” Ўзбек-Америка қўшма корхонаси рахбарининг биринчи ўринбосари Давиров Садриддин Райимович ва институт ректори Умурзаков Ўктам Пардаевич, биринчи проректор Баҳодир Мирзаев ҳамда профессор-ўқитувчилар, талабалар иштирок этишди.
Тадбирда ўрнатилган ҳамкорликни янада кенгайтириш 5+1 тамойили асосида олиб борилаётган ишларни, яъни назария ва амалиётни уйғунлаштириш борасида изчил ҳаракатларни кенгайтириш таъкидлаб ўтилди. Назария ва амалиётдаги бундай ҳамкорликларни йўлга қўйиш ва уни изчил ривожлантириб бориш келгусида юрт тараққиётининг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.
“Қишлоқ хўжалигини механизациялаш” факультети декани Қ.Шавазов ахбороти
ТИҚХММИ матбуот хизмати