Хорижий профессор иштирокида семинар ташкил қилинди
Бугунги кунда қишлоқ ва сув хўжалигида фойдаланилаётган тракторлар, комбайнлар, экскаваторлар, булдозерлар ва бошқа ўзиюрар машиналарда гидравлик тизимлардан кенг фойдаланилади. Гидравлик тизимлардан фойдаланиш трактор ёки бошқа машинани эксплуатацион ва техник иқтисодий кўрсаткичларини сезиларли даражада яхшилайди. Гидравлик тизимларда ишчи суюқлик энергиясидан фойдаланилади ва бу тизимларни мaccaси ва ўлчамлари кичик, ишчи орган тезлигини босқичсиз ўзгартириш мумкин, тизим элементлари мустақил жойлашган, юкланишлардан ишончли ҳимояланган, хизмат кўрсатиш ва бошқариш осон ва бу ерда жараёнларни автоматлаштириш енгил кечади.
Институтда фаолият юритаётган “Хорижий университетлардаги инновацион ечимларни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигида муҳандис кадрларни тайёрлаш дастурларини такомиллаштириш” номли лойиҳа доирасида шу йил 26-30 июл кунлари АҚШ Шимолий Дакота штати университети профессори Том Бон иштирокида ҚХМ факультети профессор-ўқитувчилари, докторант ва магистрантлари учун “Гидравлик энергиядан фойдаланиш, тракторлар ва қишлоқ хўжалиги машиналари гидравлик тизимлари” номли курс бўйича семинар-тренинг ташкил қилинди. Семинарда Тошкент давлат техника ва аграр университетлари вакиллари ҳам тингловчи сифатида иштирок этишди.
Семинарда гидравлик тизим элементлари гидравлик моторлар, насослар, цилиндрлар, клапанлар ишлашига батафсил тўхталиб ўтилди, тизимда ишлатиладиган суюқликлар хоссалари, гидравлик тизимни лойиҳалаш ва хусусиятларини ўрганишда фойдаланиладиган Automation Studio дастури ҳақида маълумотлар берилди. Семинар тренинг якунида фаол иштирок этган 22 нафар тингловчилар сертификатлар билан тақдирландилар.
Тракторлар ва автомобиллар кафедраси ахбороти