“1st International Conference on Energetics, Civil and Agricultural Engineering 2020”халқаро конференцияси ўз ишини бошлади

Барчамизга маълумки, аҳоли яшаш тарзининг янада яхшиланиши иқтисодиёт тармоқларининг, жумладан, энергетика, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларининг ривожланишига бевосита боғлиқдир. Ушбу соҳаларда бутун жаҳонда ва мамлакатимизда вужудга келаётган ҳамда ҳанузгача ўз ечимини топмаган муаммо ва масалаларни илмий ечимларини излаб топишда илмий конференцияларнинг ўрни беқиёсдир.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институти ҳамда Польшанинг “Краков технология университети”, Туркия давлатининг “Карабук” университетлари ҳамкорлигида 2020 йилнинг 14-16 октябр кунларида ўтказилиши режалаштирилган “1st International Conference on Energetics, Civil and Agricultural Engineering 2020”халқаро конференция ўз ишини бошлади.

Ҳозирги кунда бутун дунё бўйлаб глобал пандемия ҳукм суришига қарамасдан илм-фан йўлидаги изланишлар бир лаҳза бўлса ҳам сусайгани йўқ. Аксинча, бу давр мобайнида назария ва амалиётнинг ўзаро интеграциялашуви янада кучайди, илмий изланишлар сони салмоқли даражада ортди. Биргина мазкур конференцияга энергетика, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро ҳамда юртимиз олимларининг илмий-амалий ишлари акс этган 230 дан зиёд юқори савиядаги илмий мақолалар келиб тушган бўлиб,  улардан 170 таси саралаб олинди. Жумладан, Германия, Польша, Сингапур,Малайзия, Туркия, Нигерия, Бразилия, Хорватия, Ироқ, Перу, Кипр, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Ҳиндистон, Афғонистон, Бангладеш, Покистон каби 20 дан ортиқ давлатлардан келиб тушганлиги бунинг яққол исботидир.

Конференциянинг очилишида ТИҚХММИ ректори, Республика Олий таълим кенгаши раиси Ў.Умурзаков, Краков технология университети проректори Дариузс Богдал, Карабук университети проректори Мустафо Яшарлар ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари У.Бегимкулов, Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари А.Назаров, Сув хўжалиги Вазир ўринбосари А.Мирзаевлар халқаро конференция иштирокчиларини табрикладилар.

Мазкур халқаро тадбирнинг асосий мақсади бугунги кунда энергетика, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги каби ҳар қайси давлатнинг муҳим соҳаларида амалиётга тадбиқ этилаётган замонавий илғор технологиялар ва  илмий хулосаларни ҳамкорликда ўрганиш ҳамда ўзаро фикр алмашинувини таъминлайди. Шунингдек, мазкур соҳаларда фаолият кўрсатаётган хорижий ва юртимиз олимлари, докторантлари, тадқиқотчиларини бирлаштиради.