Биринчи курс магистрантларини қутлаш тадбири
Таълим муассасасининг навбатдаги босқичи - магистратура таълими ўзига хос масъулият ва мажбуриятни талаб этади. Бунда ўқиш ҳам шараф ва ютуқ.
2020 йилнинг 16-17 октябрь кунлари Магистратура бўлими 1 - курс магистрантлари билан онлайн учрашув ташкил этилди. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида “ZOOM” платформаси орқали ўтказилган масофавий (онлайн) тадбирга Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Рузимурат Чориев модераторлик қилди.
Сўз ТИҚХММИ ректори, иқтисод фанлари доктори проф. Умурзаков Ўктам Пардаевичга берилди. Улар магистратура мутахассисликларига қабул қилиниш синовлари якунлари, илм-фан фаолияти билан шуғулланиш ҳамда халқаро магистратура ташкил қилинганлиги ҳақида атрофлича маълумот бердилар. Сўнгра ректорат аъзоларини таништирдилар.
Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, ушбу ўқув йилида магистратурага ҳужжат топширган 858 нафар талабгорлардан 183 нафари институтга қабул қилинди, яъни барча мутахассисликлар бўйича ҳар 5 нафар талабгордан 1таси магистрантликка қабул қилинди. Шуниси қизиқарлики, 183 нафар магистрантлардан 144 нафари институтимиз битирувчилари бўлса, 39 нафари Республикамизнинг 22 та бошқа ОТМларидан қабул қилинди. 2019-2020 ўқув йилида 25 та магистратура мутахассисликлари бўйича магистрлар тайёрланган бўлса, 2020-2021 ўқув йилида эса 31 та, шундан 3 та халқаро мутахассисликлар бўйича магистрантлар қабул қилинди. Бунда янги замонавий мутахассисликлар ҳам очилганлиги инобатга олинган.
Бугунги давр барча соҳалар қаторида илм-фанни жадал ривожлантириш, унинг тараққиётини янги босқичга кўтаришни талаб этмоқда. «Ўзбекистон илм-фанни ривожлантириш орқали мустаҳкам ва барқарор тараққиётга эришиш йўлини танлади. Чунки илм-фанга етарли эътибор берилмаc, илмий изланишлар, инновациялар қўллаб-қувватланмаc экан, мамлакат кўплаб соҳаларда орқада қолади» - Президент Шавкат Мирзиёев мана шу камчиликка барҳам бериш мақсадида давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб илм-фан ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлашга, илм аҳлини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Институтда масофада туриб таълим олишларингиз учун институтимизда Moodle System масофавий таълим платформаси - амалий машғулотларни ўзлаштиришга ва ZOOM дастури орқали - маъруза машғулотларини тинглаш ҳамда Республика, халқаро анжуманларда қатнашиш учун барча шароитлар тайёрлаб қўйилган.
Дунё бўйича университетларни рейтингини аниқлайдиган Халқаро рейтинг агентликлари мавжуд....QS, THE (Бош қароргоҳи Англияда жойлашган). Мана шундай рейтинг агентликларидан бири QS маълумотига кўра, ўтган йили минтақада Шарқий Европа ва МДҲнинг 1377та университетлари иштирок этган рейтингда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти республикада илк бор 301 ўринни қайд этди.
Худди шундай THE халқаро рейтинг агентлигини маълумотига кўра соҳалар бўйича аниқланган рейтинг кўрсаткичида 201 ўринни эгаллади.
Ҳозирги кунда ТИҚХММИ ва хорижий ОТМлар билан хамкорликда, яъни АҚШнинг Мичиган штати Университети, Миссиссиппи Штати Университети, Нидерландиянинг Вагенинген Университети, Словакиянинг Нитра қишлоқ хўжалиги университетилари билан икки томонлама диплом бериш қўшма таълим дастури асосида магистрлар тайёрланмоқда. Бугунга қадар 24 нафар магистрантларимиз Нидерландиянинг Вагенинген Университети ва шу йилни ўзида 2 нафар магистрантларимиз Словакиянинг Нитра қишлоқ хўжалиги университети қўшма таълим дастурини муваффақиятли тамомлаб, икки томонлама диплом олишга сазовор бўлишди.
Магистрантлар келажакда жамиятнинг барча жабҳаларида гидротехник, механик, электрик, иқтисодчи, ер тузувчи, эколог, педагог, туман ва вилоят ҳокими, вазир лавозимларида фаолият кўрсатишларидан умидвормиз.
“Магистратурада таълим олишдан мақсад, ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, илмий ишларни бажариш, олиб бориш ва тадқиқот қилиш” мавзусидаги т.ф.д., профессор, ЎзР ФА академиги М.Мирсаидовнинг тақдимоти магистратуранинг илк босқичида таҳсилни бошлаётган илм толиблари учун маслаҳат ва йўл-йўриқ маъносида катта аҳамият касб этгани аниқ.
Магистратуранинг илк босқичига қадам қўйиш шарафига муяссар бўлган магистрантлардан Норбоева Дилшода Ғайрат қизи (ТИҚХММИ, Беруний стипендияси соҳибаси), Шукуруллаев Жамшид Бахтиёр ўғли (ТИҚХММИ Бухоро филиали, Президент стипендияси соҳиби) ўзларининг хурсандлиги ва миннатдорчиликларини билдирдилар.
Институт матбуот хизмати