Имтиёз асосида ўқишга кирган қизга 01 рақамли талабалик гувоҳномаси топширилди

Президентимиз ташаббуси билан олий таълим муассасаларига алоҳида мезонлар асосида хотин-қизларни қўшимча давлат гранти асосида қабул қилиш тартиби жорий қилинган эди.

Бу йил мамлакатимизда хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсияномани қўлга киритган кўплаб хотин-қизлар мазкур имкониятдан фойдаланиб, талаба бўлиш бахтига муяссар бўлганларидан бениҳоя шод. Бу йўсиндаги имконият ва имтиёзнинг самараси таҳсил пайтида албатта, ўз натижасини кўрсатиши аниқ. Мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини топишлари учун берилган кенг имкониятлардан бири шу бўлдики, бу 2020/2021 ўқув йилида хотин-қизлар учун олий таълим муассасаларига берилган грант ўринларининг 4 фоизи миқдорида қўшимча давлат гранти ажратилганидир.

Имтиёз асосида ўқишга кирган қизга 01 рақамли талабалик гувоҳномаси топширилди

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг "Сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш" факультетининг иқтисодиёт йўналиши бўйича талаба бўлиш шарафига муяссар бўлган Зилола Рахимованинг шодлигига шодлик қўшиш учун институт проректори Рузимурат Чориев, худди шу факультетнинг декани Рашид Ҳакимовлар унинг хонадонига ташриф буюрди. Юртбошимиз томонидан хотин-қизларнинг олий таълим муассасаларида таҳсил олиши учун ажратилган қўшимча қабул квоталари имкониятидан фойдаланиб талаба бўлгани билан Зилола Раҳимовани қутлаб институт ректорининг имзоси ва муҳр билан тасдиқланган ташаккурнома, биринчи рақамли талабалик гувоҳномаси ва китоблар жамланмасини топшириш асносида унга имкониятлар яратган барча яқинларига миннатдорчилик билдирилди.

photo_2020-10-07_23-01-55.jpg

– Мен ўтган йили ҳам ўқишга ҳужжат топширгандим, – деди Зилола. – Лекин шартнома асосида ўқишим мушкул бўлгани учун ўқиёлмадим. Бахтим бор эканки, бу йил Президентимиз томонидан берилган имтиёз ва тавсиянома туфайли давлат гранти асосида ўқишга муваффақ бўлдим. Юртбошимиздан миннатдорман, улар ишончини тўла оқлашга интиламан.

 

photo_2020-10-07_23-01-43.jpg

Зилола сингари қизларнинг ўзига, билимига ишончи ва тинимсиз изланиши, аъло баҳоларга ўқиши давлатимиз раҳбари томонидан яратилган имконият ва берилган имтиёзга муносиб туҳфа бўлишига аминмиз.
 

Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ, Институт матбуот хизмати раҳбари