Муҳим саналар тақвими

1. 10 апрель – буюк ўзбек ёзувчи-романисти, драматург, публицист Абдулла Қодирий (1894-1938) таваллуд топган кунининг 125 йиллигига

Batafsil

          

 Абдулла Қодирий (1894-1938)

Улкан истеъдод эгаси Абдулла Қодирий 1894 йили 10 апрелда Тошкентда боғбон оиласида туғилади. У дастлаб мусулмон мактабида, кейин рус-тузем мактаби ҳамда Абулқосим шайх мадрасасида таълим олади; Москвадаги адабиёт курсида ўқийди. 1917 йилги октябрь ойидаги давлат тўнтаришидан сўнг Эски шаҳар озиқа қўмитасининг саркотиби, “Озиқ ишлари” газетасининг муҳаррири, касабалар шўросининг саркотиби, “Муштум” журнали ташкилотчиларидан бири сифатида ижтимоий ҳаётга фаол аралашади.

 Унинг асарлари вақтли матбуотда Жулқунбой, Жу-бой, Думбулбой, Думбулниса, Калвак Маҳзум, Тошпўлат тажанг, Овсар каби ўнлаб махфий имзолар билан босилиб туради.

Абдулла Қодирий 1914 йили Раҳбарниса Расулмуҳаммадбой қизига уйланади. Улардан Назифа (1916), Ҳабибулла (1918), Адиба (1924), Масъуд (1928) ҳамда Аниса (1928) исмли фарзандлар дунёга келади.

Абдулла Қодирий ижодий фаолиятининг бошланиши 1910 йилларнинг ўрталарига тўғри келади. “Садои Туркистон” газтасининг 1914 йил 1 апрел сонида, “Тошкент хабарлари” устунида “Янги масжид ва мактаб” сарлавҳали хабар босилади. Орадан кўп ўтмай, унинг “Тўй”, “Аҳволимиз”, “Миллатимга бир қарор”, “Фикр айлағил” каби шеърлари, “Бахтсиз куёв” драмаси, “Жувонбоз” ҳикояси чоп этилади.

Адиб ижодининг бошланиш даври намуналари бўлган бу асарларда маърифатпарварлик руҳи, жадидона кайфият сезилади. Унинг 1916 йилда ёзган “Улоқда” ҳикояси билан дунё адабиётдаги назарий мезонларга мос келадиган ўзбек реалистик ҳикоячилигини бошлаб берди. 1923 йили “Гўзал ёзғичлар”да босилган “Жинлар базми” ҳикояси билан кейинги нусхалари таққосланганда адиб ўз асарлари устида қайта-қайта ишлагани, унинг бадиияти ва ҳаётийлик жиҳатларига жиддий диққат қилганлиги аён бўлади. Абдулла Қодирий ўз ижодий тақдирини матбуот билан боғлади. Юзлаб публицистик мақолалар, ҳажвий асарлар ёзди. “Калвак Маҳзумнинг хотира дафтаридан”, “Тошпўлат тажанг нима дейдир?” каби ҳажвий асарлари билан адиб кулгуси “характер кулгуси” даражасига етди. Ҳаётни кузатди – инсонийлик аъмолига номувофиқ воқеаларга нисбатан турли йўсинда ҳажвий-танқидий муносабатларини билдирди. Шу жараёнда “фельетонлар қироли” номини олди. Ўз даврининг айрим адиблари билан матбуотда баҳслашди. “Жасорат – айб эмас”, “Шаллақи”, “Ўжар кўр” номли мақолалари баҳслар натижаси ўлароқ майдонга келди. 1926 йилда “Муштум” журналида “Йиғинди гаплар” мақоласи босилади. Айнан шу мақоласидаги “юқори раҳбарларга тегадиган қалтис гаплари” учун, айрим муттаҳам ҳамкасблари оқибатида адиб 1926 йили 8 март куни қамоққа олинади. “Абдулла Қодирий – Жулқунбойнинг 1926 йил 15-17 июнда бўлиб ўткан судда сўзлаган нутқи”да ўша мақоланинг моҳияти, сатирик жанр табиати, кулгининг типлари таҳлил қилиниб, ундаги мулоҳазалар “Овсар” тилидан фақат ишчи-деҳқон манфаати кузатилиб айтилгани”га, “ҳукумат кишиларига бўлган гаплар, ўртоқлик ҳазили” эканига урғу берилади. Чақимчилар хусусида ёзади: “Аммо бир неча шахслар бу мақолани ўзларининг, билмадим, қандоғдир тарозуларига солиб, зарарлик топишлари эрса ғаразгўйлик, тирноқ остидан кир излашдан бошқа нарса эмасдир”. Адиб ўз ижодини, ўзи ёзган фикрларни, ўзининг ҳақлигини жасорат билан исбот этади ва айтадики: “Мен тўғрилик орқасида бош кетса “эҳ” дейдирган йигит эмасман”.

Навбатдаги йирик асарларидан бири, адиб 1932–1934 йилларда замонавий мавзуда ёзган “Обид кетмон” қиссаси 1935 йили алоҳида китоб ҳолида нашр қилинади. Табиийки, адибнинг ҳажвчи, журналист, публицист ва таржимон сифатидаги фаолияти ҳам таҳсинга сазовордир.

Гарчанд адиб оригинал асарлар ёзиб, ўз халқининг маънавияти хазинасини бебаҳо дурдоналар билан бойитаётган бўлса ҳам, мустабид тузум малайлари уни душманликда айблади. Абдулла Қодирий манглайига қатағон қурбонлари силкига тизилишдек бир қисмат битилган экан. Адиб 1937 йил 31 декабрь куни ҳибсга олиниб, 1938 йил 4 октябрида халқ душмани сифатида қатл этилади.

Алоҳида таъкидлаш керакки, Абдулла Қодирий ёзган асарлар хусусида ўша даврнинг Вадуд Маҳмуд, Абдураҳмон Саъдий, Миёнбузрук Солиҳов каби мунаққидлари матбуотда турли йўсинда фикр билдиришди. Сотти Ҳусайнинг “Ўткан кунлар” романи танқидига бағишланган алоҳида китоби босилди. Ойбек эса “Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли” номли махсус тадқиқот ёзди.

Абдулла Қодирий адабий мероси ўзидан кейинги ўзбек адиблари ижоди учун маҳорат мактаби вазифасини ўтади. Қардош халқларнинг романнавислари адибни ўзларига устоз сифатида эътироф этишди. Ўзбек адабиётшунослигида Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига оид И. Султон, М. Қўшжонов, У. Норматов, А. Алиев, И. Мирзаев, Ф. Насриддинов, С. Мирвалиев, Н. Каримов, Ш. Турдиев, А. Расулов, Х. Умуров, Х. Исматуллаев, С. Мелиев, Ш. Ризаев, А. Улуғов, М. Қаршибоев, Х. Лутфиддинова, И. Ғаниев, А. Бобониёзов, С. Тўлаганова, А. Қаҳрамонов, Л. Тошмуҳаммедова ва бошқа турли авлодга мансуб олимларнинг китоблари, ўнлаб илмий мақолалари, махсус тадқиқотлари майдонга келди. Адиб авлодлари – Ҳ. Қодирий “Отам ҳақида”, “Қодирийнинг сўнгги кунлари”, Ш. Қодирий “37-хонадон” каби ўз ота-боболари тўғрисида қимматли китоблар ёзишди. О. Ёқубов, П. Қодиров, Т. Малик, Ў. Ҳошимов, Х. Султон, Х. Дўстмуҳаммад, Н. Боқий ва бошқа ўзбек адибларининг эътиборга молик адабий мақолалари, суҳбатлари, бадиий асарлари пайдо бўлди. Шунингдек, қодирийшунос сифатида Н. Тун, И. Балдауф, З. Клайнмихел, Э. Олворт, Х. Мурфи, Э. Наби, А. Мерхан каби хорижлик олимлар адиб ижоди юзасидан тадқиқотлар олиб боришди.

Хуллас, Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, адиб ижодий меросидан, хусусан, “Ўткан кунлар” романидан баҳраманд бўлиш – бу доимо давом этадиган, авлодлар наздида янгиланиб турадиган соғинчли, айни дамда, ўтмишга айланмайдиган адабий ва абадий қадриятлар сирасига киради.