Пeдагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ маркази
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳузуридаги Кадрларни малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш маркази (КМО ва ҚТМ) малака ошириш факультети сифатида фаолият олиб бориш учун 1966 йилда ташкил топган. 1997 йилдан Ҳалқаро алоқаларни ривожлантириш ва малака ошириш маркази сифатида фаолият юрита бошлаган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 30 мартдаги “Тошкент ирригация ва мелиорация институтини ташкил этиш тўғрисида”ги 150-сонли ва 2004 йил 3 сентябрдаги “Республика қишлоқ ва сув хўжалиги учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги 415-сонли Қарори ҳамда Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг 2004 йил 13 сентябрдаги 187 А/Ф буйруғи билан “Кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш маркази” этиб қайта ташкил этилган ва фаолият олиб борган.
КМО ва ҚТМ ушбу йилларда:
- институт профессор-ўқитувчиларини бошқа ОТМларда малака ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил қилиш ва мониторингини олиб бориш;
- қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш усталарининг малакасини ошириш;
- бошқа ОТМларнинг профессор-ўқитувчиларига малака ошириш курсларини ташкил этиш;
- сув хўжалиги ва мелиорация сохасида ва Гидротехника иншоотларидан фойдаланувчи ташкилотлар раҳбар ходимлари, ер кадастри ва ер ресурслари раҳбар ходимларини жойларга чиқиб малакасини ошириш;
- тингловчиларни касб берувчи курсларда тайёрлаш ва таълим хизматлари (компютер саводхонлиги, компютер, ташкилий ва ахборот технологияларини чуқур ўргатиш, экскаватор, бульдозер ва земснаряд машинистлари, насос станцияларига хизмат кўрсатувчи техниклар тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларини) ташкил этиш;
- тингловчи ва талабалар учун тил ўрганувчи курслар ташкил этиш ва чет эллик фуқароларни тил ўрганувчи курсларда ўқитиш бўйича фаолият олиб борган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 12 июндаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4732-сон фармони, 2015 йил 20 августдаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 242-сон қарори, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2015 йил 16 июндаги 213-сонли буйруғи, институт (ТИМИ)нинг 2015 йил 10 октябрдаги 404 А/Ф-буйруғи билан “Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш” тармоқ маркази этиб қайта ташкил этилди ва фаолият юритиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 августдаги “Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини ошириш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги ПФ–5789-сонли Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 сентябрдаги “Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 797-сонли қарори асосида фаолият олиб бормоқда. Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малака ошириш тармоқ марказига ўтган йиллар давомида доцент О.С.Пўлатов, доцент Т.Н.Турсунов, доцент Д.Назаралиев, доцент Б.Матякубов, доцент Б.Эшматовлар раҳбарлик қилган. 2017 йил май ойидан бошлаб тармоқ марказига доцент Ғ.Бекмирзаев раҳбарлик қилиб келмоқда.
Ҳозирги кунда тармоқ маркази Республикамиздаги Олий таълим муассасаларининг профессор ўқитувчиларини қуйидаги 11та йўналишлар бўйича қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда:
- Cув хўжалиги ва мелиорация;
- Сув хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаштириш;
- Гидротехника иншоотлари ва насос станцияларидан фойдаланиш;
- Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш;
- Ер тузиш ва ер кадастри;
- Қишлоқ хўжалигини электрлаштириш ва автоматлаштириш;
- Сув таъминоти муҳандислик тизимлари;
- Сув хўжалигида инновацион технологиялар ва улардан фойдаланиш;
- Ирригация тизимларида гидроэнергетика объектлари;
- Сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш;
- Қишлоқ ва сув хўжалигида техник сервис.
Бундан ташқари тармоқ марказида республикамизда мавжуд сув хўжалигига ихтисослашган касб-хунар коллежларининг махсус фан ўқитувчилари ва ишлаб – чиқариш таълими усталарининг малакаси оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда вазирлик тизимидаги ташкилотларнинг раҳбар ходимларини малакасини ошириш курсларини ташкил қилиш бўйича барча сарф-харажатлар (смета) ҳисобланиб тасдиқлаб олинди. Вазирлик тизимидаги Сув қурулиш инвест ДУК директорлари, Мелиоратив экспедиция раҳбарлари, Насос станциялари бошлиқлари, Сув омборлари раҳбарлари, Туман ирригация бўлимлари бошлиқлари ва Ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари бошлиқларини малакасиини ошириш учун ўқув режа ва дастурлар тасдиқланиб бугунги кунда малака ошириш курслари ташкил қилинган.
Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (CAREC) билан “Сув ресурсларини бошқариш: назария, амалиёт ва тадқиқотлар интеграцияси” мавзусидаги ёзги мактаб курси ташкил қилинди. Ўзбекистон - Швейцария “Ўзбекистонда касбий кўникмаларни ривожлантириш” IV фаза лойиҳаси доирасида 2015 йилдан буён ҳамкорликда “Минтақавий касбий тайёрганлик марказларида сув таъминоти тизимлари мутахассисларини малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш курслари самарадорлигини ошириш” бўйича ишлар олиб борилмоқда. Тармоқ марказида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини юқори савияда ўтказиш учун 43 та интернет тизимига уланган замонавий компьютерлар ва видеопроектор билан жиҳозланган 2 та компьютер хоналари ва электрон доскалар билан жиҳозланган 2 та ўқув аудиториялари, “Эксковатор симулятор” ва Насос станция” лобаратория қурилмаларидан фойдалниб маъруза ва амалий дарслар олиб борилади. Тингловчилар учун барча қулайликларга эга бўлган 28 ўринли турар жой ажратилган.