Ўзбек олимларининг мақолалари халқаро журналларда бепул чоп этилади

2018 йил 23 март куни пойтахтимиздаги «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Нидерландиянинг «Elsevier» компанияси билан биргаликда «SCOPUS» ва «ScienceDirect» халқаро илмий маълумотлар базалари маҳсулотлари учун Миллий битимни тантанали имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, «Elsevier» компанияси вице-президенти Феликс Хаест, компаниянинг Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича минтақавий директори Алия Оспанова, Инновацияни ривожлантириш вазирлиги, Фанлар академияси ва Жаҳон банки вакиллари, таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Айтиш керакки, бугунги кунда ўзбек олимларининг илмий фаолияти, тадқиқодларини халқаро миқёсда намоён этиш, бу ҳақда халқаро журналларда нашр этиш масаласи талаб даражасида эмас. Бунинг сабаблари етарлича. Шу пайтга қадар илмий мақолаларни нуфузли журналларда чоп этишда муаммоларга дуч келгани, ёш олимлар етарлича қўллаб-қувватланмагани, муаллифлар ўз мақолалаларини эълон қилиши учун муайян миқдорда ҳақ тўлашга мажбур экани ушбу муаммоларнинг бир қисми холос. Бу эса Ўзбекистон илм-фанининг халқаро рейтинггига ҳам ўз таъсирини кўрсатгани бор гап.

Шу боис мамлакатимиз илм-фани ўз ўрнини топишида бугун имзоланган битим алоҳида аҳамиятга эга. Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 мартдаги «Халқаро Ривожлантириш Ассоциацияси иштирокидаги олий таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Голландиянинг «Elsevier» компанияси билан ҳамкорликда «Илм-фан 2020» миллий ривожланиш дастурини ишлаб чиқди.

  

Дастурдан кўзланган мақсад - мамлакатимизда илмий салоҳиятни ошириш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг илмий тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, жаҳон таълим ресурслари, замонавий илмий адабиётларнинг электрон каталоглари ва маълумотлар базаларига кириш имкониятларини яратишдан иборат. Шу боис вазирлик ҳамда «Elsevier» компанияси ўртасида имзоланган битим ана шу мақсадга хизмат қилади.

Соддароқ қилиб айтганда, ўзаро ҳамкорлик натижасида юртимиздаги илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари, шунингдек, олимларимизнинг дунё илмий рейтингидаги ўрнини кўтаришга, республика илмий журналларини «SCOPUS» ва «ScienceDirect» халқаро илмий маълумотлар базаси тизимига киритишга, ёш олим ва докторантларга илмий мақолалар тайёрлаш ва уларни юқори импакт-факторга эга бўлган илмий нашрларда чоп этишга кўмаклашади. Компаниянинг Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича минтақавий директори Алия Оспанованинг айтишича, мақолалар қизиқарли, сифатли ва оммабоп бўлса, уларни компания тасарруфидаги журналларда эълон қилиш учун ҳақ тўланмайди.

  

Маълумот ўрнида айтиш керакки, «Эльзевир» (Elsevier) - фан, таълим ва тиббиёт соҳасида инновацион ечимларни ва маҳсулотларни таклиф этадиган жаҳондаги энг йирик нашриётлардан бири ҳисобланади. Компаниянинг қароргоҳлари Амстердам, Лондон, Нью-Йорк шаҳарларида жойлашган бўлиб, бутун дунё бўйлаб 70 га яқин офислари бор. Нашриёт «Reed Elsevier» медиа-холдингнинг бир қисми бўлиб, у жаҳоннинг энг йирик 500 компаниялари рўйхатига киради. 2500 дан ортиқ журналлар, 20000 га яқин китоб ва маълумотномаларни чоп этади. Нашриётда «Scopus» илмий нашрлар ва цитата келтириш маълумотлар базасини олиб боради, «Science Direct» илмий нашрларни тарқатиш тизимини ривожлантиради.

Манба: www.xabar.uz