Орден муборак Устоз!

2020 йилнинг 30-сентябрь куни “Hilton” ҳалқаро конгресслар саройида “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” га бағишлаб ўтказилган тантанали йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ институтимиз “Қишлоқ хўжалик машиналари” кафедраси профессори Шоумарова Мухаё Шоумаровна мамлакатимизнинг юксак мукофоти “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди.  Шоумарова Мухаё 1939 йил Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек. 1961 йил Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институтини битирган. 1961-1973 йилларда ЎзФА Механика институтида аспирант, сўнгра катта илмий ходими, 1971 йили ўзбек аёллари ичидан биринчи бўлиб техника фанлари номзоди илмий даражасини олган. 1973 йилдан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Қишлоқ хўжалиги машиналари” кафедраси катта ўқитувчиси, доценти, профессори лавозимида фаолият юритиб, 56 йил давомида шу кафедрада ўқитувчи сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. 1979 йил унга доцент илмий унвони берилган. М.Шоумаровага 2001 йили ТИҚХМИИда ҳизмат кўрсатган доцент, 2009 йил профессор унвони берилган.

 

М.Шоумарова хамкасблари билан ҳамкорликда пахтачиликда, деҳқончиликда, иссиқхоналарда, боғдорчиликда, асаларичилик ва пиллачиликда ишлатиладиган қишлоқ хўжалиги машиналари бўйича олий таълим учун 250 дан ортиқ илмий, методик ишлар, рисолалар ва 6 та фан бўйича дарслик ва қўлланмалар чоп эттирган. 2002 йил Қишлоқ хўжалиги машиналари фанидан ўзбек тилида илк бор тайёрланган адабиёти дарслик сифатида Республика танловида фахрий 1 ўринни олган. Ҳаммуаллифликда коллежлар учун ёзган “Қишлоқ хўжалиги машиналари” дарслиги 2005-йил Республика танловида биринчи ўринни, олий таълим учун ёзган дарслиги 2009-йил иккинчи ўринни эгаллаган.

М.Шоумарова маънавий-маърифий тадбирларда, ўқув тарбиявий ишларда хам фаол иштирок этиб келмоқда. Талабалар онгига ватанпарварлик ва ўз халқига муҳаббат хиссини сингдириш, ўзгараётган республикамиз порлоқ келажагига ишонч туйғуларини сингдиришга эришмоқда. М.Шаумарова Олий таълим муассасасида ишлаб, ўзининг оллоҳ берган фазилатларини, имкониятларини ёрқин очиб, ёшлар учун ўрнак бўладиган моҳир устоз даражасигача етиб элга танилган олимадир. У билим ва маҳоратини талабалар ва ёш ўқитувчилар орасида ўта маъноли, маънавий-маърифий ишларни, яъни ўзбек халқи улуғ аждодлари қолдирган бой меросларининг моҳиятини тушунтириш бўйича ҳар хил тадбирлар олиб борган.

М.Шаумарова билимдон тадқиқотчи, ўзига ҳамда ҳамкасбларига нисбатан ўта талабчан Ўзбекистонда биринчи механизатор олима аёлдир. Ўз касбий маҳоратини ошириш устида узлуксиз ишлайдиган, камтарин меҳнатсевар инсон, ёшларнинг ғамхўр мураббийси, Ватан фаровонлиги йўлида тинимсиз меҳнат қилаётган жонкуяр шахс. М.Шаумарова Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фахрий ёрлиқлари, Мустақиллигимизнинг 10 ва 20 йиллиги кўкрак нишони билан тақдирланган. Профессор М.Шаумарова Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти профессор-ўқитувчилари ва талабалар орасида катта ҳурматга сазовор, камтарин шу билан бирга талабчан устоз-мураббийдир. Устозни давлатимизнинг юксак мукофоти “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланганлигини самимий табриклаб, мустаҳкам соғлик ва муносиб шогирдлар тайёрлашдаги фаолиятларида зафарлар тилаб қоламиз.

 

Қишлоқ хўжалигини механизациялаш  факультети декани Қ.Шавазов