Муаммолар ечими тажриба алмашувда

Тангри инояти билан яратилган неъматлардан бири ва энг азизи сувдир. У борлиқни яшнатади, тирилтиради.  Одамзод, наботот ва ҳайвонот учун ҳам бирдек азиз неъмат у. Покланиш ҳам, озиқланиш ҳам у билан. Ичимлик сувидан тортиб экин-тeкинларнинг суғорилиши, ариқ, дарё, кўл-у денгизларнинг аччиқ ва чучук сувларининг шарафланиши ва тақсимоти дунёни ташвишга солаётган глобал муаммолардан бири. Шунинг учун ҳам сув муаммосини ҳал этишда ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликкина ижобий натижалар бериши мумкинлигини бугунги кунда жаҳон аҳли англаб етгани рост. UzWaterAware лойиҳаси доирасида Марказий Осиё минтақавий экологик маркази томонидан Испанияга уюштирилган ўқув сафари ҳам ана шу мақсадга йўналтирилган. Испания пойтахтидан жанубга томон юриш асносида маҳаллий аҳолининг сувга бўлган муносабати ижобий йўсинда эканига амин бўлдик. Сувнинг сарфланиши ва тақсимоти масаласи илмий асосда ўрганилгани эътиборга молик.

Илк манзилимиз худди Самарқанд, Бухоро ва Хива қалъасидагидек тош ётқизилган кўчалар, меъморий ёдгорликларга бой Толедо шаҳрида бўлди. Айланма ва бурилмаларга бой тор кўчаларда олдин юрмаган сайёҳ адашиб қолиши ҳеч гап эмас. Ўрта асрларга хос шукуҳ ва кўрк сақланиб қолган ушбу шаҳар аҳолиси самимий ва дилкашдир. Очиқ юзлилик билан муомала қилишлари беихтиёр сизни ҳаваслантиради. Негадир инглиз тилида савол сўрасангиз, ўз тилида жавоб беришни маъқул кўришади, имо-ишоралар билан бўлса-да сизга ёрдам беришади, мурувват қўлини чўзишади. Шу тобда ўз тилини улуғлаш ва муқаддас тутиш наҳотки, Испания қироли Карл 5 дан мерос қолган деб ўйлайсан киши. Биз Карл 5 номи билан аталадиган меҳмонхонага жойлашдик. Ерлик аҳолининг машҳур қиролни мақташ шарафи ҳам шундандир, балки. У шундай деган: "Агар сен дўстинг билан гаплашишни истасанг француз тилида гаплаш, дўст бўлмаганлар билан немис тилида, гўзал қизлар билан италян тилида гаплаш. Худо билан испан тилида сўзлаш!" Бу гапда албатта, муболаға, ғулув санъати ишлатилгани аниқ. Лекин яна бир жиҳати борки, унда ўз тилини улуғлаш, муқаддас тутиш, айни пайтда тилпарварлик замиридаги элпарварлик борлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Яна саёҳатимизни давом эттирадиган бўлсак, Толедодан чиқишда Испания миллий водород марказида ҳам бўлдик. Водороднинг сувдан олиниши, энергия манбаи сифатида ундан фойдаланишнинг йўлга қўйилгани ҳам диққатимизни жалб этди. Сьерра-Морена тизмасининг ёнбағирларида, Гвадалквивир дарёсининг ўнг қирғоғида жойлашган Кордова шаҳри (Қуртуба) алоҳида аҳамията эга.

Бу шаҳар 756 йилдан Кордова амирлигининг, 929 йилдан 1031 йилгача Кордова халифалигининг пойтахти бўлган. Х асрда 1 миллионга яқин аҳолиси бўлган мазкур шаҳарда илм-фан, шеърият, санъат гуллаб-яшнаган. Кўплаб қасрлар, масжид ва карвонсаройлар қурилган. Шунинг учун ҳам бу ердан сайёҳларнинг қадами узилмайди. Тарихий ёдгорликлар ўз аслича сақланиб қолган Кордова шаҳри Испаниянинг сайёҳлар гавжум масканларидандир. У ерда мутахассис сифатида Гвадалквивир дарё ҳавза бошқармасининг мутасаддиларидан Хоакин дел Кампо Бенито билан мулоқот уюштирилди. У ўзининг фаолияти ва илмий-назарий қарашлари борасида батафсил сўзлаб берди. 50 ёки 60 кишининг ишини кам сонли мутахассис ҳам ҳал этиши мумкинлигига иқрор бўлдик. “Вадомохон” сув омборида бор-йўғи 3 киши ишлайди. Умуман, 6 нафар техник ходим ҳудуддаги 4 та сув омборига хизмат кўрсатади. Энг қизиғи, бошқарув тўлиқ автоматлаштирилган сув омборини қўриқлайдиган доимий қоровул йўқ. Ҳудуд маҳаллий полициячилар назоратига олинган, холос. Мазкур иншоотнинг қурилиши 1993-1997 йилларга мансуб бўлиб, платинанинг баландлиги 67 метр. Омборнинг сув сиғими эса 163 м³. Унинг нормал ҳолатда секундига 350 литр сув чиқадиган иккита сув дарвозаси бор. У орқали  15 минг гектар ер сув билан таъминланади. Шундан 5 минг гектари сув омборининг юқори қисмида, 10 минг гектари қуйи қисмида жойлашган. Иқтидорли журналист Шуҳрат Суюнов келтирган маълумотларга таянган ҳолда, яна шуларни қайд этиш мумкин. “Вадомохон” сув омбори техник раҳбари Педро Эскриванонинг айтишича, илгари бир-икки марта электр кабелларини ўғирлаб кетиш ҳолатлари кузатилган.  3-4 нафар қоровулга йил-ўн икки ой давомида маош тўлагандан кўра, ўғирланган кабелнинг ўрнига янгисини сотиб олиш арзонга тушади. Бунинг устига ҳозир маҳаллий аҳоли сув уларнинг ҳаёти учун қанчалик қадрли эканини тушуниб етган. Шу боис, ўғирлик ҳолатлари кузатилмаяпти.

Сув омбори дарвозаларини очиб-ёпиш, сувни назорат қилиш тўлиқ автоматлаштирилган. Бошқарув пульти юқорида жойлашган. Бошқарув ускуналари эса пастда, сув дарвозасининг устки қисмида жойлашган. Техник ходимга дарвозани очиш ёки ёпиш ҳақида топшириқ берилганидан сўнг, юқоридаги ва пастдаги бошқарув тугмалари икки киши томонидан бир пайтда босилганидагина ускуна ишлайди. Яъни, бир кишининг ускунани бошқариш имкони йўқ. Ишлар бажарилганидан сўнг, ходимлар эшикларни қулфлаб кетади. Гвадалквивир дарё ҳавза бошқармаси тизимига кирувчи сув омборлари учта вазифани бажаради:

  • сув ресурсларини назорат қилиш ва бошқариш;
  • ҳудуддаги ерларни сув билан таъминлаш;
  • сув тошқинларининг олдини олиш.

Кейинги 5 йилда яна бир вазифа қўшилган бўлиб, бу гидроэлектр станциясининг ишга туширилишидир. Ҳозир сув кам вақти. Қиш ва баҳор фаслидаги ёғингарчилик ҳисобига сув омбори тўлади. Шу билан бирга, баҳордаги ёғингарчиликлар мавсумида эҳтимолий тошқинларга тайёргарлик кўриш мақсадида сув камайтирилган. Сув омбори атрофидаги барча майдонлар, шу жумладан, адирликларга ҳам зайтун дарахти экилган. Илгари Гуадахос дарё ҳавзаси бўйлаб 10 минг гектар ҳудудда пахта, лавлаги, қисман маккажўхори етиштирилган. Кейинги йилларда ушбу ҳудудлар зайтун етиштиришга ихтисослашди. Зайтун кам сув ичади. Томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинадиган бўлса, сув янада тежалади. Даромад яхши бўлгани ва сувни кам талаб қилгани боис, бошқа экинлар ўз ўрнини зайтунга бўшатиб берди.

Ҳозирда ҳавза ҳудудидаги майдонларнинг 90 фоизида зайтун етиштирилади. Илгари зайтундан фақат ёғ олинган бўлса, эндиликда мевасини сотиш ва зайтун шарбати ишлаб чиқариш кенгаймоқда. Ҳудуддаги йирик сув омборлари давлат томонидан бошқарилади. Нисбатан кичик сув омборларида давлат – хусусий шериклиги йўлга қўйилган. Бунга гидроэлектр станцияси барпо этилган сув омборини мисол қилиб келтириш мумкин. Сув омбори билан танишув якунида унинг техник раҳбарига Педро Эскриванога Ўзбекистон сув хўжалиги ҳақида электрон китоб ва бошқа эсдалик совғалари топшириларкан, ҳамкорлигимиз бардавом бўлишига ишонч ҳосил қилдик.

ТИҚХММИ матбуот хизмати