Юксак нуфузли вeбинар
Соҳа бўйича мустаҳкам билим олиш ва чуқур илм қилиш учун албатта хорижий тажрибаларни ўрганиш талаб этилади. Бунда эса хориждаги ҳамюртларимиз билан доимий давра суҳбатлари ва семинарларни ташкил этиш қўл келади. Жорий йилнинг 3 апрел санасида институтимизда анъанага айланиб қолгаб, долзарб ва қизиқарли мавзулар юзасидан хориждаги ҳамюртларимиз билан тез-тез амалга ошириб туриладиган илмий-амалий вебинарлардан бири бўлиб ўтди. Мазкур вебинар Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси, Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) ҳамда Швеция Линкöпинг коммунидаги Ер тузиш корхонаси (“lantmätare”) ҳамкорлигида ташкиллаштирилди.
Мазкур вебинар Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Германиядаги вакили Камолиддин Бедиев модераторлигида олиб борилди ҳамда ТИҚХММИ Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Тоҳиржон Султанов, Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги элчихонаси 1-котиби, консул Сарвар Камилов томонидан очиб берилди. Вебинарнинг асосий маърузачиси сифатида ҳозирги кунда Швеция давлатида яшаётган ҳамда Ер тузиш корхонасида ер тузувчи мутахассис бўлиб ўз фаолиятини юритаётган институтимиз битирувчиси, ҳамюртимиз Жамшид Жўрабоев бугунги куннинг долзарб ва замонавий муаммоларига ечим бўла оладиган “Ер тузишда геохборот тизимидан фойдаланиш - Швеция мисолида” мавзусидаги маърузаси орқали ўзининг илмий ва амалий тажрибалари билан ўртоқлашди.
Мазкур вебинар давомида Республикамизда ер тузиш, ер кадастри ва мониторинги соҳасида ўз илмий изланишларини олиб бораётган ёш олим, докторант ва профессор-ўқитувчилар ҳамда вебинар иштирокчилари Европанинг энг ривожланган давлатларидан бири ҳисобланган Швеция мисолида ер тузиш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва бошқаришда географик ахборот тизими (ГАТ)дан фойдаланиш бўйича атрофлича маълумот олдилар. Вебинар сўнгида мавзу юзасидан иштирокчилар томонидан йўлланган саволарга Жамшид Жўрабоев атрофлича жавоб бериб ўтди, шунингдек, соҳа бўйича илмий иш олиб бораётган ёш олимларга бир қатор керакли маслаҳатлар бериб ўтди.
“Геодезия ва геоинформатика” кафедраси таянч докторанти Зоҳид Маматқулов ахбороти
ТИҚХММИ матбуот хизмати