Долзарб мавзудаги илмий тадқиқот
Давлатимиз раҳбари таълим жараёнининг сифати ва самараси борасида доимий равишда куюнчаклик билан тавсия, талаб ва топшириқлар бериб келишлари бежиз эмас. Бу мамлакатимизнинг ривожланган давлатлардаги таълим тизими даражасига етказиш мақсади билан боғлиқ. Улардаги ижобий жиҳатларни ўзлаштириш ва ҳамкорлик масалаларини жадаллаштириш давр тақозосидир. Бизда ўқув-таълим тизими ўқувчиларни асосан имтиҳонга тайёрлашга қаратилгани, аслида, таълим ҳаётга тайёрлаш зарурлиги борасида муҳтарам Президентимизнинг ўгитлари улкан аҳамият касб этгани рост. Илм-фан, таълим, ишлаб чиқариш ва интеграциянинг уйғунлигида ҳикмат кўп. Назарий маълумот ва амалий машғулотнинг уйғун тарзда иш тутилиши беқиёс аҳамиятга эга. Бу эса дуал таълим тизимининг моҳиятини акс эттиради. Маълумки, бу таълим турининг хосияти шундаки, унда назарий қисм таълим муассасасида, амалий қисм эса корхонада ўтказилади. Бу Германия профессионал таълим тизимида кенг қўлланилади. Таълим муассасасини битказувчиларнинг иш жараёнига, касбий фаолиятга тайёр ҳолда боришида бу муҳим рол ўйнайди. Айни пайтда мутахассисларнинг тажрибаси, кўникмаси ва малакасини оширишга катта ҳисса қўшади. Бу йўналишдаги илмий тадқиқот ва монографиялар айни кунларда сувдек, ҳаводек зарур. Куни кеча муваффақиятли ҳимоя этилган Чориев Рўзимурат Кунгратовичнинг "Касб таълими мутахассисларини Дуал тизими асосида касбий фаолиятга тайёрлаш методикасини такомиллаштириш" мавзуси бўйича докторлик диссертацияси (DSc) худди шу бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилиши билан эътиборга молик. Диссертация ўзининг долзарблиги, янгилиги, фактик маълумотларга бойлиги ҳамда илмий жиҳатдан чуқур ва теранлиги билан характерланади. Диссертация айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 6 сентябрдаги ПФ-5812-сон Фармони ижросини таъминлаш борасида Вазирлар Маҳкамаси қарорига ижобий ва ижодий жавоб ҳам бўлган десак, муболаға бўлмайди. Биз диссертантни ушбу муваффақияти билан самимий қутлаймиз.
ТИҚХММИ матбуот хизмати