Мардлик ва адолат тимсоли

Тарих тақдирлардан иборат. Шундай тарихий шахсларнинг тақдири муайян халқ ҳаёти ва даври билан боғланиб кетадики, уларни ўша замон билан айрича тасаввур ҳосил қилиш ножоиз. Мардлик ва адолат рамзи соҳибқирон Амир Темур қисмати ўзбек халқи тарихида муҳим ўрин тутгани рост.

4 апрель куни Фарғона вилояти Сўх тумани Ёшлар ижод маркази, Турон академиясининг Сўх тумани филиали ва ТИҚХММИ "Гуманитар фанлар" кафедраси профессор-ўқитувчилари билан "Амир Темур-буюк давлат арбоби ва саркарда" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда тарих фанлари доктори, профессор Шоҳиста Ўлжаева маъруза қилди. Ш.Ўлжаева Амир Темурнинг тавалллуд куни арафасида Сўх йўли очилгани билан туман фаоллари ва улар орқали бутун сўхликларни ушбу муҳим воқеа билан табриклади. Бутун ўзбек халқи Сўхдаги воқеаларни ҳаяжон билан кузатмоқда ва халқимиз Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевдан миннатдор. Ш.Ўлжаева Амир Темур даврида Сўх гуллаб-яшнагани, бу ерда фаровон ҳаёт таъминлангани, адолат ва қонун устуворлиги ўрнатилгани, бу учрашувнинг ўзига хос рамзий маънога эга эканлигини  таъкидлаб ўтди. У Амир Темур давридаги ички ва ташқи ҳаёт, дипломатия, маънавий-ахлоқий асослар, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ўзгаришларни ва улар туфайли иккинчи Ренессанс пайдо бўлганини гапириб ўтди.

Бугун ҳам Амир Темур давридаги иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий асослар  ривожланаётгани ва айнан Учинчи Ренессанснинг шалланишида тарихий қадриятлар асос бўлиб хизмат қилаётгани ҳақида сўзлади. Тадбирда фалсафа фанлари доктори, профессор Қиёмиддин Назаров сўзга чиқди ва у Амир Темур даври, ўша даврда шаклланган фалсафий муҳит ҳақида мулоҳаза юритди. Имом Бухорий номидаги илмий-тадқиқот маркази профессори Бахтиёр Тўраев, иқтидорли ўқувчилар лицейи директори Фарҳод Жўраев, Шаҳрисбаздаги Амир Темур музейи директори Набижон Хушвақтовлар ҳам ушбу сана ва тадбирнинг моҳияти ҳақида гапириб ўтдилар. Тадбир ёшларда катта таассурот қолдирди.                                                                                                     

ГИМ факультети “Гуманитар фанлар” кафедраси ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ахбороти.

ТИҚХММИ матбуот хизмати