“ПЕНГ – ШЕНГ” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида талабалар амалиёти

Назарий ва амалий билимлар уйғунлиги ҳамда узвийлигини таъминлаш бугунги кунда давр талабидир. Дарҳақиқат, бу икки тушунча қачонки бир бири билан чамбарчас боғланса илмда юксалиш, таълимда улғайиш бўлади. Гидромелиорация факультети “Гидромелиоратив тизимлардан фойдаланиш” кафедраси профессор-ўқитувчилари ташаббуси билан кафедрага қарашли “Сув хўжалигида инновацион технологиялар ва улардан фойдаланиш” таълим йўналиши 307-гуруҳ талабаларининг ишлаб чиқариш амалиётини юқори савияда ташкил этиш мақсадида Сирдарё вилоятида жойлашган “Пенг - Шенг” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.

2021-йил 21-июн санасида гуруҳ талабалари учун ушбу корхонада ишлаб чиқариш амалиёти бошланган эди. Бугунги кунга қадар “Гидромелиоратив тизимлардан фойдаланиш” кафедраси профессор-ўқитувчилари раҳбарлигида талабалар икки гуруҳга бўлинган ҳолда корхонанинг Томчилатиб суғориш қувурлари, шланглари ва эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи заводида ҳамда замонавий суғориш тизимлари ўрнатилган иссиқхоналарда ўзларининг назарий билимлари амалиёт билан мустаҳкамламоқда.

“Пенг - Шенг” қўшма корхонаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 24 июндаги ПҚ-1139-сонли қарорига асосан Хитой давлати билан ҳамкорликда ташкил этилган. Бугунги кунда асосий фаолият турлари керамик плиткани ишлаб чиқариш, қора мол терисини қайта ишлаш, чарм поябзал ишлаб чиқариш, полиетилен қувурлар ишлаб чиқариш ҳамда иссиқхоналарда полиз экинларини етиштиришдан иборат. Бугунги кунда ушбу корхонада 1000 дан ортиқ аҳоли иш билан таъминланган.

 

Гидромелиорация факультети 307 гуруҳ талабаси Азизбек Ҳасанов ахбороти

ТИҚХММИ матбуот хизмати