Урал федерал университетининг ректори ва биринчи проректори институтимизга ташриф буюрди
Олий таълим муассасалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик асосан, илмий-педагогик ва таълимий мазмунда бўлиши табиий. Икки томонлама бу ҳаракат ўзаро манфаатдорлик замирига қурилиши кенг имкониятлар эшигини очади. Институтимизга Урал федерал университетининг ректори Кокшаров Виктор Анатольевич ва биринчи проректори Пономарёв Александр Владимировичлар ташриф буюришди.
Институтимиз ректори Ў.Умурзаков ва проректор ҳамда факультет деканлари иштирокида видеоконференция залида улар билан ўзаро мулоқот ташкил этилди. Учрашув олдидан институт ҳаёти акс этган видеоролик намойиш этилди. Сўнгра “Рус тили халқаро тил сифатида” ҳамкорликдаги фаол лойиҳа юзасидан фикр алмашилди.
УрФУ ТИҚХММИ институти талабаларини тиллар ёзги мактабига қабул қилишга ҳамда таълим муассасамиз ўқитувчиларини умумий ва ихтисослиги бўйича малакасини ошириш ва ташкиллаштиришга тайёр эканлиги таъкидланди. УрФУ журналларида мақолаларни чоп эттириш, конференцияларда иштирок этиш, институтимиз талабаларини УрФУ докторантура дастури асосида Давлат квотаси бўйича таҳсил олиши, “қўшалоқ дипломлар” дастурини тузиш юзасидан мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, ҳамкорликда нефтни қайта ишлаш ва нефт маҳсулотлари технологияларини ишлаб чиқариш, академик алоқалар йўналишида рус тилида таълим олувчи талабалар ва ўқитувчиларни алмаштириш программаси, химия, физика, иқтисод, математика, экология, ижтимоий билим ва менежмент, ҳамкорликдаги илмий-изланиш ишларини амалга ошириш ва илмий маълумотларни алмаштириш, келажакда иш берувчилар билан олий ўқув юрти талабаларининг ишга жойлашиш бўйича алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳамкорликда халқаро тадбирларга тайёргарлик кўриш каби масалалар хусусида фикр-мулоҳазалар алмашишди. Тадбир ҳар иккала томон учун манфаатли тарзда кечди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати