Ёшлар – келажак бунёдкорлари
Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг - “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат” – деган гапларида ҳам мамлакатимизда ёшларга берилаётган юксак эътибор ва кенг имкониятлар ўз тасдиғини топган.
Гидромелиорация факультети “Гидромелиоратив тизимлардан фойдаланиш” кафедраси профессор-ўқитувчилари ташаббуси билан кафедрага қарашли “Сув хўжалигида инновацион технологиялар ва улардан фойдаланиш” таълим йўналиши 307-гуруҳ талабалари учун Сирдарё вилоятида жойлашган “Пенг - Шенг” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида ҳамкорлик асосида ташкил этилган ишлаб чиқариш амалиёти ҳам айни юқорида келтирилган мақсадларни кўзлаган. Корхона раҳбарияти ва ишчи-ходимлари томонидан талабаларнинг ўз назарий билимларини амалиёт билан янада мустаҳкамлашлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Талабалар амалиёт раҳбари “Гидромелиоратив тизимлардан фойдаланиш” кафедраси стажёр-ўқитувчиси Даулет Ғуломов бошчилигида ўзлари таълим олаётган “Сув хўжалигида инновацион технологиялар ва улардан фойдаланиш” йўналиши бўйича томчилатиб суғориш тизими элементларини ишлаб чиқаришдан то лойиҳалаб, экин майдонларига ўрнатилгунга қадар давом этадиган жараёнлар билан тўлиқ танишишмоқда. “Пенг - Шенг” корхонаси раҳбариятининг ишончи сабаб бир гуруҳ талабалар корхона ходимлари билан бир сафда Тошкент шаҳрида жойлашган УзЭкспомарказда ташкил этилган Халқаро савдо кўргазмасида корхона маҳсулотлари намойиши билан фаол иштирок этиб қайтдилар.
Гидромелиорация факультети 307-гуруҳ талабаси Азизбек Ҳасанов ахбороти
ТИҚХММИ матбуот хизмати