Тренинг орқали фаоллик
6 февраль куни 2-ТТЖда КСХЭТ 105 - гуруҳ талабалари Сатимбоев Сардор ва Бердиев Элчинбекларнинг ташаббус ва таклифларига мувофиқ институт психологи М.К. Мухамедова гуруҳни жипслаштириш ва гуруҳ талабаларининг ички дунёсини аниқлашга қаратилган тренинг машғулоти ўтказди. Талабаларнинг фаоллигини ошириш мақсадида ушбу тренингга КХМ 301 гуруҳ 3-курс талабаси Алимов Абдуқодир тренерлик қилди. Абдуқодир кўпқиррали қизиқувчан ва фаол талабаларимиздан бири. Абдуқодир ҳозирда ўз вақтини: қўшиқ куйлаш, мунчоқдан гуллар ясаш, ошпазлик, тренерик қобилиятини ошириш ва янги техника кашф этиш билан банд. Машғулотда КСХЭТ 1 – курс 105 - гуруҳ талаба йигитлари иштирок этишди. Тренинг ҳар доимгидек танишувдан бошланди. Иштирокчиларга айлана шаклда тайёрланган карточкалар берилди. Барча карточка биринчи иштирокчига берилди ва у кетма-кетликда ҳар бир иштирокчининг исмини ва унинг яхши хусусиятини ёзиб шеригига узатади. Натижада гуруҳ иштирокчиларининг бир-бирларига нисбатан берилган таърифлар йиғиндиси ҳосил бўлди. Бу тренинг гуруҳ иштирокчилари бир – бирларини қай даражада билишларини ва бир – бирларига бўлган муносабатни аниқлаштиришга қаратилган. Кейинги машғулот “Бизнинг ички боғимиз” деб номланади. Бу машғулотда сокин мусиқа садоси остида иштирокчиларга иложи борича қулайроқ ўтириб олишларини, бўшашиб, кўзларини юмиб ўз ички дунёларни гўзал боғ сифатида тасаввур қилиш кўрсатмаси берилади. Бу машғулот гуруҳ иштирокчиларининг ички олами ва қизиқишлари, уларнинг онг остидаги фикрларини аниқлаштиришга мўлжалланган. Сўнгги машғулот “Тилаклар” деб номланиб, бунда иштирокчиларнинг ҳар бирлари қоғозга қисқа тилак ёзиб, қутига солиш таклиф этилди.
Кейин уларни аралаштииб иштирокчиларга тасодифий равишда қутидан истакни чиқариб олиш таклиф қилинди. Ҳар бир иштирокчи қутидан олган “тилаклар”ни ўқиб, учрашувимиздан эсдалик сифатида ўзларида қолдирдилар. Самимий “тилаклар”ни олган иштирокчилар жуда қувонишди. Тадбир тренернинг: ”Барчангиз бугун ажойибсиз. Бугунги тренингимизда барчангиз фаол иштирок этдингиз. Барчангизга ташаккур. Келинглар бир-биримизга раҳмат дейлик.” деган жумласи билан поёнига етди.Машғулот тренинг иштирокчиларига бир олам завқ бағишлаш билан биргаликда, курсдошларнинг янада жипс бўлишларига замин яратди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати