Геоинновация маркази билан таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси бўйича ҳамкорлик
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори ўринбосари, “Геоиннновация маркази” директори Абдуллаев Абдишукур Ҳамидович иштирокида Ер ресурсларини бошқариш факультети талабалари билан давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда марказ директори А.Абдуллаев “Геодезия ва геоинформатика”, “Ер кадастри ва ердан фойдаланиш”, “Ерни масофавий зондлашда инновацион технологиялар” таълим йўналишлари талабалари билан учрашди ҳамда соҳада рақабатбардош, билимли кадрларни тайёрлаш, талабаларнинг келажакдаги иш фаолияти билан боғлиқ масалаларда суҳбат ўтказди.
Шунингдек, талабаларни қизиқтирган саволлар: Кадастр агентлиги тизимидаги корхона ва ташкилотларда, жумладан, Геоинновация марказининг иш фаолияти; учувчисиз учиш қурилмалари “дрон”ларнинг геодезия, геоинформатика, кадастр ва бошқа соҳаларда қўлланилиши; Геоинновация марказида ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиш, ўқиш даврида марказ иш жараёни билан танишиб бориш, тажриба ўрганиш ва ўқув машғулотларини ташкил этиш; учувчисиз учиш қурилмалари “дрон”ларни учириш бўйича махсус курсларда ўқитиш ва сертификат бериш тартиби; Кадастр агентлиги тизимидаги корхона ва ташкилотларда, жумладан, Геоинновация марказида келажакда ишга жойлашиш бўйича касбий билим ва кўникмаларга қўйилган талаблар ҳақида саволларга жавоб берилди. Давра суҳбати мазмунли, қизиқарли ва савол-жавобларга бой тарзда ўтди.
Ер ресурсларини бошқариш факультети декани Ш.Нарбаев ахбороти