“Scopus” маълумотлар базаси бўйича энг юқори  “Хирш” индексига эга ёш олимлар

5 март куни Инновацион ривожланиш вазирлигида “Scopus” маълумотлар базасидаги 4 та фан – математика, геология, биология ва кимё йўналишлари бўйича энг юқори Хирш индексига эга ёш олимларни мукофотлаш маросими ўтказилди. Тадбирда Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, ёш олимлар, тадқиқотчилар, Ёшлар академияси аъзолари, ОТМ проректорлари иштирок этдилар.

Давлатимиз раҳбарининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги топшириқларини бажариш мақсадида “Scopus” халқаро илмий маълумотлар базасининг 2020 йил якунлари бўйича математика, биология, кимё ва геология фанлари бўйича бир нафардан энг юқори Хирш индексига эришган 40 ёшгача бўлган ёш олимларни 100 млн. сўм миқдоридаги бир марталик пул маблағлари билан мукофотлаш белгиланган бўлиб, мукофот билан 6 нафар ёш тадқиқотчи тақдирланди. Ёш олимларни мукофотлаш шаффофлик ва ошкоралик тамойиллари асосида ташкил этилиши мақсадида “Scopus” базаси асосчиси бўлган Нидерландиянинг “Elsevier” ахборот-таҳлил компанияси билан ҳамкорлик ўрнатилди. Келишувга асосан компания Ўзбекистонда фаолият юритаётган ёш олимларнинг 2020 йил охири ҳолатига кўра Хирш индекси тўғрисидаги маълумотларни тақдим этди.

Юқорида келтирилган маълумотларга асосланган ҳолда институтимизнинг 3 нафар ёш олими ғолиб бўлди.  Геология йўналишида Элёр Тошматов (H-индекс – 6) ва Шамшодбек Акмалов (H-индекс — 5) уларнинг ҳам ҳар бирига 50 млн. сўмдан мукофот топширилди, кимё бўйича Обид Турсунов (H-индекс — 14) 100 млн. сўм маблағ билан тақдирланди. Мазкур мукофотлаш энди анъанага айланади ва ҳар йили мукофотланадиган йўналишлар сони кўпайиб бораверади. Жорий йил натижаларига кўра, мана шу тўртта йўналишга қўшимча тарзда яна физика фани ва инглиз тили соҳасида тадқиқот олиб бораётган ёш олимлар мукофотланадилар. Йилдан йилга мукофотланадиганлар сони ҳам ошиб бораверади.

 

ТИҚХММИ матбуот хизмати