Иқтисодиёт ва Менежмент бўйича КAСКAД халқаро мактаби
Фаол тарздаги ҳамкорлик самараси илм-фан ва таълим тизимида ҳам тараққиётнинг кафолати эканини даврнинг ўзи кўрсатмоқда. Агар у халқаро миқёсда бўлса янада катта аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5847-сонли Фармони ва хусусан, республика олий таълим муассасаларини халқаро миқёсда тан олинган ташкилотлар рейтингида биринчи 1000 таликка киритиш вазифасини бажариш мақсадида, ТИҚХММИ, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатларини ривожлантириш бўйича қишлоқ хўжалиги университетлари консорциуми (кейинги ўринларда КАСКАД) доирасида қўшни мамлакатларнинг етакчи ихтисослашган университетлари билан юқоридаги мақсадлар амалга оширилмоқда. Маълумки, КАСКАД 2010 йил 12 июлда ТИҚХММИда бўлиб ўтган таъсис йиғилишида ташкил этилганди. Бу йил ташкил этилган кундан бошлаб минтақада фаол ишлаганига 10 йил тўлди. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, Глобал Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари форуми, ФAО, ИКAРДA, Вагенинген университети ва бошқа ташкилотларнинг қўллаб-қувватлаши билан ташкил этилганди. Унда Озарбайжон, Aрманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан келган 8 та университет вакиллари консорциум тузиш ва унинг низомини тасдиқлашни келишиб олдилар. Ҳозирда КAСКAД консорциуми 8та Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатларидаги 17та қишлоқ хўжалиги университетларини ўз ичига олган. Бу йил КAСКAДнинг 10 йиллик юбилейи арафасида Иқтисодиёт ва Менежмент бўйича КAСКAД халқаро мактаби ташкил этилди.
2020 йил 7 сентябрь куни ўтказилган тадбирни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори, КАСКАД Бошқарув қўмитаси раиси Ўктам Пардаевич Умурзаков кириш сўзлари билан оча туриб, онлайн тарзда ташкил этилган ушбу тадбирнинг аҳамияти борасида сўз юритиб уни Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ минтақасидаги тарихий тадбир сифатида қайд этдилар. Иқтисодиёт ва Менежмент бўйича КAСКAД халқаро мактаби Озарбайжон, Aрманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан 15та нуфузли университетлар ҳамкорлигида ташкил этилиб, ўз фаолиятини очилиш маросимидан бошлади. Институтимиз Германия олимлари билан ҳамкорликда ишлаб чиққан “Рақамли иқтисодиёт” фанини халқаро мактаб тингловчиларига тақдим этди. Шунингдек, очилиш маросимида 170дан ортиқ иштирокчилар қатнашдилар ва 400дан ортиқ рўйхатдан ўтган тингловчилар ўқишни бошлашди. Жумладан, Озарбайжон давлат аграр университети ректори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Ибрагим Джафаров, Жангир Хон номидаги Ғарбий Қозоғистон аграр-техника университети кенгаши раиси - ректори, ветеринария фанлари доктори, профессор Aсқар Наметов, К.И.Скрябин номидаги Қирғиз миллий аграр университети ректори, ветеринария фанлари доктори, профессор, Қирғизистон Республикаси Фанлар академиясининг мухбир-аъзоси Ризқбек Нургазиев, Шириншоҳ Шотемур номидаги Тожикистон аграр университети ректори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Маҳмадёрзода ва Самарқанд давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг сенатори Рустам Холмуродовлар сўзга чиқиб, халқаро мактаб тингловчиларига муваффақиятлар тиладилар.
Иқтисодиёт ва Менежмент бўйича КAСКAД халқаро мактабида 6та мамлакатдаги 15та қишлоқ хўжалиги университетдан 400дан ортиқ талабалар 1 семестр давомида масофавий таълим олишади. Ҳар ҳафта уларга иқтисодиёт ва менежмент соҳаларининг долзарб мавзуларида КAСКAДга аъзо университетларининг етук профессор-ўқитувчилари томонидан дарслар олиб борилади. Ҳафталик дарслар 2 кредитгача ташкил этади. Дарсларни муваффақиятли ўзлаштирган талабаларга сертификат тақдим этилади. Иқтисодиёт ва Менежмент бўйича КAСКAД халқаро мактабини ташкил этишдан мақсад таълим сифатини янада такомиллаштириш, хорижий малакатлар билан ҳамкорликни кучайтириш, чет эллик профессор-ўқитувчилар ва талабаларни жалб этиш, институт мавқеини минтақада танитиш ва рейтингини кўтаришдан иборат. Шу билан бирга, талабалар ҳам чет елдаги тенгдошлари билан яқиндан танишиб, улар билан дўстлашишга, фикр алмашишга ҳамда иқтисодий ва бошқарув соҳадаги масалаларни ечишда турли хил ёндашувларни муҳокама қилиш имкониятларига эга бўладилар.
ТИҚХММИ матбуот хизмати