Тил - таъсирчан механизм
Маънавиятнинг таъсирчан қурол ва механизм эканлигини инобатга олган ҳолда, ўтказиладиган тадбирлар катта аҳамият касб этади. Ҳар жума куни мунтазам равишда ташкил этиб келинаётган маърифий тадбиримиз ана шундай моҳиятга эга.
«ИБРАТЛИ, ИЖОДКОР ИНСОНЛАР» рукнида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон халқ артисти, «Олтин қалам» Миллий мукофоти лауреати, «Дўстлик» ордени нишондори, Олий тоифали сухандон ФАРҲОД БОБОЖОНОВ ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Олий тоифали сухандон Раъно Жўраевалар иштирокида ижодий мулоқот бўлиб ўтди. «Бир ўлкаки тупроғида олтин гуллайди» деб номланган мавзуда Фарҳод ака Бобожонов ўзининг ҳаёти ва дикторлик ҳамда журналистик фаолияти билан боғлиқ ҳолда, хотиротларини ўртоқлашди. Маълумки, бир неча йиллар мобайнида «Бир ўлкаки» номли туркум кўрсатувларнинг муаллифи сифатида Ўзбекистоннинг тарихи ва бугуни билан боғлиқ ҳолдаги манзаралар ҳақида теран маълумотлар бериб келадилар.
Олий тоифали сухандон Раънохон Жўраева русийзабон талабалар билан 7 - ўқув залида «Касбимда камол топдим» мавзуида очиқ суҳбат ўтказди. Дикторлик касби унинг ҳаётида кўплаб қувонч ва қайғуларга боис бўлгани борасида сўз юритиб талабаларни қизиқтирган саволларига жавоб берди. Ҳар иккала ижодий мулоқот ноанъанавий дарс ўрнида талаба ҳамда профессор ўқитувчиларда илиқ таассурот қолдирди.
«Гуманитар фанлар» кафедраси ассистенти Баҳриддин Муқимов ахбороти
Институт Матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов