Биринчи босқич якунланди

Талабаларнинг интеллектуал қобилиятини синовдан ўтказиш илм-фан ва жамиятимиз ривожига ўзининг баракали таъсири ҳақида ўйлаш демакдир. Кенг қамровли билим, замонавий фанларнинг сиру асрорларини пухта эгаллашга бўлган интилиш ва саъйи ҳаракат доимо долзарблик касб этади.

Юксак билимли интелектуал ривожланган авлодни тарбиялаш –мамлакатни  барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти экан, демак, ёшларнинг атрофлича билимга эга бўлиши, замон билан ҳамнафас ва ҳамқадам  бўлишларини таъминлаш муҳим.

“IQ-SHOU” интелектуал-мусобақавий телевизион ўйинининг навбатдаги сонида “Гидромелиоратив ишларни механизациялаш” факультетининг 2-босқич талабаларидан таркиб топган “Лидер” жамоаси ҳамда “Магистратура” бўлимининг 1 - босқич магистрантларининг “Ренессанс” жамоалари иштирок этишди. “Лидер” жамоасининг таркиби қуйидагича: жамоа сардори - Шаҳзод Абдураззоқов, жамоа аъзолари - Бахтиёр Тожибоев, Умида Абдужалилова,  Соҳиб Облақулов, Нозимжон Қобилов.

 “Ренессанс” жамоасининг таркиби тубандагича: жамоа сардори Сарвар Мелиқўзиев, жамоа аъзолари - Эъзоз Озодов, Сарвиноз Холова, Баҳодир Ҳакимов, Ислом Ҳазратқулов.

Саволларга жавоб бериш орқали гуруҳлар орасидаги мубоҳаса анча шиддатли тарзда кечди. Интеллектуал ўйинда кузатувчи сифатида институт проректори Қодиржон Шавазов, хотин-қизлар қўмитаси раисаси Зулфия Ҳафизова, психолог Юлдуз Нарметова, “Магистратура” бўлимининг бошлиғи Асрор Янгибоев, “ГИМ” факультетининг маънавий - маърифий ишлар бўйича декан муовини Ортиқ Рўзибоевлар иштирок этишди.

 “Қишлоқ хўжалигини механизациялаш” факультети 2 - курс талаба қизларидан Тозагул Мамаражабова, Азиза Акназарова, Зулайхо Бердиалиевалар ўзларининг миллий либослари билан мусобақанинг мазмунли ва қизиқарли йўсинда ўтишига беминнат ҳисса қўшишди.

Мусобақа натижасига кўра “Ренессанс” жамоаси “Лидер” жамоаси устидан ғалаба қозонди. Якуний натижа 40:10 балл ҳисоби билан  ниҳоясига етди. Шундай қилиб институт факультетлари орасидаги мусобақанинг биринчи босқичи якунига етди. Энди иккинчи босқич бошланади.

Унда ғолиб бўлган 4 та жамоа иштирок этади ва институт бўйича мутлоқ ғолиб аниқланади. Улар эса Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Маданият ва маърифат” телеканалида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишади. 

“Гуманитар фанлар” кафедраси ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов.