"Темир дафтар"га киритилган оилалар фарзандлари билан мулоқот

Таълим муассасасида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқиш ва яшаш шароитлари билан боғлиқ муаммоларнинг ечими борасида қайғуриш ҳамда чора-тадбирлар қабул қилиш муссаса раҳбарларининг доимий диққат марказида. Бу таълим ва тарбиянинг сифатига ҳам бевосита дахлдордир.

Институтимиз ректорининг ташаббуси билан "Темир дафтар"га киритилган оилаларнинг фарзандлари - талабаларимизнинг арзи додларини эшитиш ва уларга имкон даражада ёрдам кўрсатишга қаратилган тадбир ташкил этилди. Тадбирни ёшлар билан ишлаш бўйича институт проректори Р.Чориев олиб борди. Факултет деканлари ва муовинлари ҳамда ёрдамга муҳтож  бўлган талабалар иштирокида ўтказилган тадбирда талабаларнинг ҳар бири билан алоҳида гаплашилиб, уларнинг яшаш шароити атрофлича ўрганилди.

Талабаларнинг аксарияти контракт тўлов пулини тўлашга имкони етмаётгани, шу борада ёрдам қилишни ўтиниб сўрашди. Уларнинг аксариятига ёрдам қилиниши таъкидланди ва ижарада турганларга шу куннинг ўзидаёқ ётоқхонадан жой ажратилди. Проректор талабаларга маслаҳатлар бериш асносида "Сизлар келажакда ота-оналарингизга таянч бўлиб уларни боқишингиз, ғамхўрлик қилишингиз керак. Кўпчилигингиз ишга жойлашиб ишлаётганингиз ва чет тилларни ўрганиш учун ўқув курсларида ўқишга интилаётганингиз, бизни жуда хурсанд қилаяпти", - деб таъкидлаб ўтди.

Тадбир давомида институт Хотин-қизлар кенгаши раиси,  Зуҳра Исмоилова, "СХТЕ ва Б" факултети декани Рашид Ҳакимов, Касаба уюшмаси қўмитаси раиси Фаррух Ирисов, Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Зуҳриддин Ҳайдаровлар мавзу юзасидан ўз мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

ТИҚХММИ матбуот хизмати