Муқаддас қадрият
Инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан барҳаётдир. Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. «Ирригация ва мелиорация» кафедраси доценти Адҳам Маматалиев раҳбарлигида «Гидромелиорация» факультети 2-курс 202-гуруҳ талабалари Тошкент шаҳридаги Хотира майдонига ташриф буюришди. Бу ташриф 9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан амалга оширилди. Гуруҳ талабалари у ерда Мотамсаро она ҳайкалини зиёрат қилдилар, Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ота-боболаримизнинг ёрқин хотирасини ёд этиш, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш, шунингдек, бугунги тинч-осойишта ҳаётимиз, дориламон ва фаровон кунларимиз, осуда турмушимиз учун жанггоҳларда қон кечган фахрийларга иззат-икром, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг инсоний бурчимиз эканлиги эслаб ўтилди. Бу ташриф талабаларда катта таассуротлар уйғотди. Бу таассуротлар уларнинг аждодларимиз тарихи, матонати, босиб ўтган мардонавор йўллари, қаҳрамонликлари ҳақида билишлари, шу азиз диёр улардан бизга мерос эканлиги, ворис сифатида уларнинг савобли ишларини давом эттириш, жамиятнинг ривожланишида юксак масъулият ёшларнинг зиммасида эканлигини чуқур англашларида муҳим роль ўйнайди.
Доцент Адҳам Маматалиев ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов