Илмий-тадқиқот натижаларимиз жаҳон илм-фани саҳнида
Жорий йилнинг 4-6 март кунлари Австриянинг Велс шаҳрида World Sustainable Energy Days (WSED) 2020 Бутун Жаҳон Энергия Конгресси ўтказилди. Конгресс доирасида илмий семинарлар, “Ёш олимлар” конференцияси, “Яшил энергетика” бўйича кўргазмалар ташкил этилди. Бундан ташқари Австриядаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари, шу жумладан, қуёш панеллари, инверторлар, электромобиллар ишлаб чиқарувчи ва бошқа шу каби корхоналарга ташрифлар амалга оширилди.
Диққатга сазовор жиҳати дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан 600 га яқин иштирокчи қатнашган ушбу Конгрессда нафақат юртимиз, балки бутун Марказий Осиё минтақасидан институтимизнинг “Электр таъминоти ва қайта тикланувчан энергия манбалари” кафедраси профессор-ўқитувчилари Д. Қодиров ҳамда О. Турсунов ўзларининг олиб бораётган илмий-тадқиқот натижалари асосида ёзилган “Application of Laser Biotechnology for Extensive Increase of Biomass for Bioenergy Production via Thermochemical Technologies” номли илмий мақола билан иштирок этиб маъруза билан чиқишди. Улар ўз маърузаларини институт тарихи, бугунги кунда олиб борилаётган ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот ишлари ҳамда дунёнинг “TOP-800”таликдаги Олий таълим муассасалари қаторига кириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келажак режалари ҳақида маълумот беришдан бошлашди.
Маъруза давомида илмий мақолада келтирилган илмий-тадқиқот методлари, олинган натижалар ва хулосалар тўғрисида конференция қатнашувчиларига тўлиқ маълумот берилди ҳамда тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Уч кунлик Конгресс доирасида ташкил этилган “Яшил энергетика”бўйича кўргазмада ҳам институтимиз олимлари ўзларининг илмий ишлари акс этган постерлари билан иштирок этишди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати