Ютуқлар интилиш ва изланишлар ҳосиласи
Давр муаммоларига фаол муносабатда бўлиш ва воқеликка ақл ҳамда билим кўзи билан қараш том маънода талабаларга ҳам хос эканини эътироф этиш ўринлидир. Чунки, интилиш ва изланиш кенг имкониятлар эшигини очади. Талабалик даврида ташланган қадам унинг кейинги фаолиятига асос бўлиши аниқ. Ҳар бир замон ўз муаммолари билан инсоният олдида кўндаланг туради.
Шундай экан, бугунги куннинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. Уларга ўз фаолияти ва қараши билан кураша олиш фидойилик ва замон билан ҳамнафасликдир. Одам савдоси ва коррупция ҳам ана шундай зарарли ва заҳарли иллатлардандир. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ташаббуси билан ўтказиб келинаётган турли долзарб мавзулардаги танловлар шу жиҳатдан эътиборга молик. Яқинда ташкил этилган танловлардан бирининг ғолиблари сифатида институтимиз талабаларининг муваффақияти бизнинг ҳам ютуғимиздир. Улар ёзма ва оғзаки нутқ маданиятини яхши ўзлаштирганини ҳамда давр муаммоларига, воқеликка фаол муносабатда эканини тўла намойиш этишди.
Худди шу маънода, “Гидротехника қурилиши” факультетининг талабаси Уралова Дилроз Занил қизи “Биз коррупциясига қаршимиз” мавзусида ўтказилган “Энг яхши мақола” номинацияси бўйича масофавий республика танловида 2 – даражали диплом билан ҳамда “Ер ресурсларини бошқариш” факультетининг талабаси Абдумуминова Дилноза Акромжон қизи “Одам савдоси – давр муаммоси” мавзусида ўтказилган “Энг яхши мақола” номинацияси бўйича масофавий республика танловининг 3 – даражали дипломи билан тақдирландилар. Ана шундай шиддат ва изланиш, муаммоларга оқилона ва холисона ёндашиш завқини барча талаба ва магистрантларимизга тилаб қоламиз!