Ҳакамлик судларидаги дадил қадамлар
Мамлакатни янгилаш, бошқача айтганда, модернизация қилиш йўлидаги дадил қадамлардан бири суд-ҳуқуқ тизимини янада эркинлаштиришдир. Бу йўлдаги муҳим одим ва омил бевосита ҳакамлик судларининг фаолияти билан боғлиқ. Ана шу мақсаднинг ва ҳаракатнинг ифодаси ўрнида Ўзбекистон Республикасининг “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуни 2006 йил 16 октябрда қабул қилиниб, 2007 йил 1 январдан кучга кирган эди. Тўғри, бу соҳада ҳам ўзига яраша мураккабликлар бўлганини инкор этиш қийин.
ТИҚХММИда ташкил этилган ҳуқуқий-маърифий тадбир худди шу масалага бағишланди. Унда Ўзбекистон Ҳакамлик судлари ассоциацияси раиси Ҳамза Хасанович Маҳмудов билан бирга ўринбосарлари Лола Маратовна Бабахажаева, Шакаров Алишер Нарбобоевич, Мардиев Асомиддин Хазратқуловичлар иштирок этишди. Тадбирни проректор Р. Чориев модератор сифатида бошқариб борди.
Даставвал, Ҳамза Маҳмудовнинг ҳакамлик судлари ҳақидаги маърузаси тингланди. У ўз нутқида бугунги кундаги фаолиятнинг кенгқамровли экани борасида сўз юритиб, ҳакамлик судининг хўжалик судлари ва фуқаролик ишлари бўйича судлардан фарқли жиҳатлари хусусида ўз мулоҳазаларини билдирди.
Шунингдек, ҳакамлик судида ишлар тезкорлик билан ҳал этилиши, асосий мақсад тарафларнинг келишувига йўналтирилиши ҳамда тарафлар ўртасидаги ҳамкорлик сақлаб қолиниши, ҳакамлик муҳокамасининг махфийлиги қонун билан кафолатланиши, томонлар жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан бошлаб кучга кириши борасида ҳам тўхтаб ўтди. Даврада иштирок этган факультет деканлари ва профессор ўқитувчилар ўзларини қизиқтирган мавзуга оид саволларни бериб тўлиқ жавоб олишди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати