Фаоллик ва фидойилик - ватанпарварликнинг дояси
"Ватанпарвар" газетаси таҳририяти “Кўҳна тарих шодасида” танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлади. Булар орасида бизнинг педагогларимизнинг ҳам борлиги қувонарлидир. Қуролли Кучлар давлат музейида республика олий таълим муассасалари олимлари, профессор-ўқитувчилари, тарихчилар, адиблар, тадқиқотчилар ҳамда муштарийлар ўртасида ўтказилган “Кўҳна тарих шодасида” танлови якунларини эълон қилиш ва ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Жорий йилнинг февраль-август ойларида ўтказилган танловга бир қатор олий таълим муассасалари ўқитувчилари, илмий ходимлари, тарихчи олимлардан 100 га яқин материал келиб тушди. Уларнинг 40 дан ортиғи “Ватанпарвар” газетаси ва “Ўзбекистон армияси” журналида чоп этилди.
Тантанали тадбирда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти бошлиғи подполковник Баҳром Зулфиқоров сўзга чиқиб, ғолиблар ва иштирокчиларни муборакбод этди. Ушбу танловда институтимизнинг фаол кафедра мудирларидан тарих фанлари доктори Шоҳиста Ўлжаева учинчи ўринни эгаллади. Ғолибларга пул мукофотлари ва эсдалик совғалари топширилди. Фидойилик ва фаоллик ўз касбий фаолиятидан ташқари республикамиз ҳаётидаги ижтимоий-маърифий жараёнда ҳам актив муносабатда бўлишни талаб этади, Ватанпарварлик тушунчасининг моҳияти ҳам шунда. Ш. Ўлжаеванинг тарихчи олим сифатида ўзининг чиқишлари ва мақолалари билан иштирок этишлари эътиборга молик.
"Гуманитар фанлар" кафедраси ассистенти Баҳриддин Муқимов ахбороти
Институт Матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов