“Темурийлар тарихи давлат музей”ига ташриф

2021 йил 11-феврал куни Ер ресурсларини бошкариш факультетининг 414 гурух талабалари гурух мураббийи З.Хафизова билан биргаликда “Темурийлар тарихи давлат музей”ига ташриф буюришди. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуслари билан 1996 йилда барпо этилган ушбу музей Тошкент шаҳрининг қоқ марказида, Амир Темур ҳиёбонинг ёнгинасида жойлашган. Музей экспозисиясидан ўрин олган экспонатларни қизиқиш билан томоша қилишди. Музейнинг кўргазмалар залидаги миниатюра услубида яратилган деворий суратни кўриб, тарихимизнинг узоқ ўтмишини ўқигандай бўлишди. Уч қисмдан иборат ушбу тасвирларда Темур бобомизнинг Ватан равнақи йўлида кўрсатган жасоратлари ўз ифодасини топган.

Музейга қилинган экскурсия давомида талабаларга музейда сақланаётган 10-14 асрларда Темурийлар сулоласига оид бўлган бир қанча осори-атиқалар ва Амир Темур томонидан Самарқанд шаҳрига олиб келинган ва ҳозирда ушбу музейда сақланаётган “Усмон Мусҳафи” китоби нинг нусхаси кўрсатилди. Талабалар музейда Темурийлар сулоласига тегишли сопол буюмлар, кўзалар, қозонлар, ўша даврдаги қурол-аслаҳалар, от абзарлари, кийим-кечаклар, кандакорлик намуналари, Темурийлар сулоласига ишланган турли хил миниатюралар ва бошқалар билан яқиндан танишишди. Шунингдек, музейда сақланаётган бошқа қадимий китобларни томоша қилишди. Булардан “Темур тузуклари”, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Курагоний” каби асарларнинг асл нусхалари билан танишиб чиқишди.

Шунингдек, талабаларга Темур ва Темурийларнинг Ўрта Осиё маданияти ва ҳатто жаҳон маданиятига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилиб берилди. Хусусан, Темурнинг мардликлиги, адолатлилиги ҳамда ҳорижий мамлакатлар билан олиб борган сиёсати талабаларда янада фаҳр ҳиссини уйғотди. Талабалар ушбу музейда ўзларига керакли бўлган маълумотларни олишди.

Ердан фойдаланиш каф. Кат.ўқитувчиси З.Хафизова маълумоти.

 

ТИҚХММИ матбуот хизмати