Ҳашар-элга ярашар
Маълумки халқимиз маънавиятида, қадрятларида бошқа халқлар ўрганса ва ўз тажрибасида қўллашга арзийдиган кўпгина ибратли тажрибалари мавжуд. Масалан, ҳашар деб аталган тадбир кўпчиликни бирдамликка, аҳилликка ва меҳр-оқибатга ундаши билан ажралиб туради. Мазкур тадбирда ёшу-кекса отахонларимиз иштирок этиб, фарзандлару, набираларга халқимиз маънавиятида, тарихида бир неча юз йилликлардан буён эъзозланиб келинаётган урф-одатлар, қадрятларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтиришлар берадилар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2021 йил 10-мартдаги 96-Ф-сон фармойиши ижросини таъминлаш ҳамда «Наврўз» умумхалқ байрамини муносиб нишонлашга тайёргарлик кўриш, халқимиз орасида миллий қадриятларимизга хос бўлган ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжихатликни янада кучайтириш, беғараз ёрдам, меҳр-мурувват каби эзгу фазилатларни юксалтириш, таълим муассасаларида ва ташкилотларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва худудларда санитария ҳолатларини яхшилаш мақсадида жорий йилнинг 13-март куни юртимизда умумхалқ хайрия хашари куни деб эълон қилинган.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Қишлоқ ва сув хўжалиги энергия таъминоти” факультетида ишчи ходимлар, маъмурият ва профессор-ўқитувчилар, талабалар қамишдан бел боғлашиб ободонлаштириш ишларига киришиб кетишди. Ҳашар-элга ярашар дейишади, шаҳар ва туманларимиз, маҳалла ва уй жойларимиз, таълим масканларимиз тоза, озода, покиза бўлса қалбимиз ёришади, оиламиз файзу барокотга тўлади ва жамиятимизда соғлом турмуш тарзи барпо бўлади. Барча ҳашарчиларга ҳорманг деб қоламиз!
“Қишлоқ ва сув хўжалиги
энергия таъминоти” факультетининг
бош мураббийи О.Назаров
ТИҚХММИ матбуот хизмати