Музей мозийга маскан
Институтимизда Абдулла Ориповнинг ҳаёти ва ижодига бағишлаб янги барпо этилган музейда шоирнинг миллий адабиётимиз, маданиятимизнинг юксалишига қўшган улкан ҳиссасини акс эттирувчи китоблар, муаллифнинг ижод ускуналари, қолаверса, ижодий ҳаётидаги фойдаланган ҳар бир деталлар ва аксессуарлар дид билан кўрсатилган. Абдулла Орипов ўзбек адабиётини янги босқичга кўтарган нодир истеъдод соҳиби, унинг юксак бадиий, теран ва чуқур фалсафий шеърлари ҳаттоки ёшлар кўнглидан чуқур жой олган, десак муболаға бўлмайди. ҚСХЕТ факультети 102-гуруҳ талабалари ва гуруҳ мураббийси Э. Собиров билан биргаликда институтда барпо этилган Абдулла Ориповнинг ижод музейига ташриф буюрдилар.
Абдулла Ориповнинг асарларида эзгулик ва ёвузлик, шафқат ва меҳрсизлик, инсон ва табиат, уруш ва тинчлик, аждодлар ва авлодлар ва бошқа шу каби ҳаётий муносабатлар етакчи мавзулар ҳисобланади. Ташриф чоғида талабалар шоирнинг ҳаёт ва ижод йўллари, ёзилган ноёб китоблари ҳамда дунё бўйлаб қилган саёҳатларига шерик бўлдилар.
“Электротехника ва мехатроника” кафедраси
ассистенти А.М Мустафоқулов ахбороти
ТИҚХММИ матбуот хизмати