Илм йўлида тинимсиз изланиш

Жорий йилнинг 12 июнь санасида, Нидерландиянинг Elsevier компанияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасида имзоланган “Илм-фан 2020” лойиҳаси доирасида ТИҚХММИ профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва талаба-магистрантларининг илмий ишларини тўғри ташкил этишлари, уларнинг халқаро маълумотлар базасидан самарали фойдаланишлари, хорижлик ҳаммуаллифларни излаб топишлари учун “Scival аналитик тизимидан фойдаланиш” мавзусида Elsevier компаниясинг аналитик ечимлар бўйича Россия ва Марказий Осиёдаги маслаҳатчиси Андрей Петрович Локтев иштирокида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Ўзбекистондаги қисқа муддатли ташрифидан унумли фойдаланган ҳолда, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти раҳбарияти ташаббуси билан ташкиллаштирилган мазкур тадбирда институтда фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар таклиф этилди.

Экспертнинг айтишича, маълум бир соҳада фаолият юритиб келаётган олимлар ушбу соҳада ўз илмий фаолиятини олиб бораётган хорижлик изланувчилар хизматидан фойдаланиш, уларнинг ишларига иқтибослик келтиришлари ва албатта  улар билан ҳаммуаллифликда илмий мақолаларни эътироф этилаётган маълумотлар базалари таркибидаги журналларда чоп эттиришларида SciVal аналитик тизими айнан дастак бўлиб хизмат қилади.

Тизимнинг афзалликларидан бири шундаки, унда муаллиф ёки изланувчи бир вақтнинг ўзида бир нечта ОТМларни илмий салоҳиятини таққослашлари, шу билан бирга, муаллифларнинг илмий потенциалини кўришимиз мумкин.  Олимлар фаолият юритаётган маълум бир соҳада дунё минтақаларида қайси олимлар фаол илмий изланишлар олиб бормоқда, қайси ташкилот ва унинг олимлари билан хамкорлик қилишимиз мумкинлиги ҳақида сўз юритилди.

Тақдимот тадбир қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотиб, турли музокараларга сабаб бўлди ва эксперт томонидан батафсил тушунтиришлар берилди. Қўшимча қилар экан А.Локтев, Scopus маълумотлар базасида халқаро патентларни индексация қилиш ва мазкур патентлардан фойдаланиш имконияти мавжуд эканлигига тўхталиб ўтди. Бу каби тадбирлар, институтнинг рейтинг кўрсаткичлари бўйича дунё институтлари орасида ўз нуфузини топишида пойдевор бўлиши таъкидлаб ўтилди.

Институт Халқаро рейтинг фаолиятини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Ғ.Ғозиев ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов