Улуғ халқ қудратининг тараннуми
Шундай сиймолар борки, улар муайян халқнинг, маълум бир даврнинг барометри сифатида уларнинг қалби ва руҳониятининг кўзгуси бўла олади. Шубҳасизки, Абдулла Орипов ана шундай адиблардандир. Жорий йилнинг 12 июнь куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ташаббуси билан Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповга бағишланган “Улуғ халқ қудрати жўш урган замонни куйлаган шоир” мавзусидаги “ZООМ” платформаси орқали онлайн – форум ташкил этилди. Онлайн форумни даставвал, кириш сўзи билан институт ректори профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич самимий истаклар билан очиб бердилар.
Тадбирда модераторлик қилаётган институт ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Р.Чориев онлайн форумнинг моҳияти билан боғлиқ ҳолда ўз фикр-мулоҳазаларини айтиб, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, сенатор Маҳмуд Тоирга сўз берди. Маҳмуд Тоир Абдулла Орипов ижодининг элпарварлик ва фидоийлик маҳсули эканлигини уқтирди. Сўнгра Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт Университетининг Тошкент шаҳридаги филиали директори, академик Қаландар Абдураҳмонов шоирнинг Италия билан боғланган ижодий фаолияти, хусусан Данте Алигьерининг “Илоҳий комедия”сини таржима қилгани борасида сўзлаб, ўзининг Абдулла Ориповга эҳтиром нуқтаи назаридан “Буюклар каҳкашонида” номли китоб яратганини айтиб ўтдилар. Шунингдек, Италия ҳақида “Гўзал Италия мафтункор диёр” номли китоб чоп эттирганини айтиб ҳар иккаласини ҳам намойиш қилдилар. Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетининг профессори Нурбой Жабборов ўз нутқида агар ҳаёт бўлганларида юртбошимизнинг бугунги ғоялари ва ислоҳотларини тарғиботчиси сифатида уларнинг ўнг қўл қанотида бўлишлари шак-шубҳасиз эди, дея таъкидладилар.
Тадбирда шоирнинг рафиқаси Ҳанифа опа Абдулла аканинг ҳаётий кечинмалари ва фаолияти борасида тўлқинланиб гапириб унинг шеърларидан айрим намуналарни ўқиб берди. Шунингдек, Америкада истиқомат қилаётган шоирнинг катта қизлари Мавлуда Орипова Америкадан туриб отасининг умрининг охирги йилларида 6 ой мобайнида дард билан олишгани, шунда ҳам ижоддан тўхтамагани қалам ва қоғозга садоқати ватанга бўлган меҳр билан йўғрилганини эътироф этди. “Имтиҳон” деган шеърини шарҳлаб берар экан, отасининг даъваткорона айтган радиф ўрнидаги ушбу мисрасини қайта-қайта эслатди: Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу. Шунингдек, у “отамнинг ҳар бир шеъри унинг ҳаётининг, қалбидан кечган туйғуларнинг, изтиробларининг бир парчаси десам муболаға бўлмайди” - дея таъкидлади. Яна бир қизлари Шоира Орипова эса отасини эъзозлаб уларнинг номини абадийлаштириш ва чоп этилмаган шеърларни тарғиб – ташвиқ этишга астойдил киришган иснтитутимиз жамоасига миннатдорчилик билдирди.
Шу билан бирга тадбирда Қарши давлат университетиниг профессори Абдураҳим Эркаев, Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби директори Убайдулла Орипов ва унинг шогирд – ўқувчиларидан Эъзоза Алишерова ва институтимиз профессори фалсафа фанлари доктори Қиёмиддин Назаров, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг ходими, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон адиб билан боғлиқ ибратомуз кечинмаларини сўзлаб беришди. Сўнгра шоирнинг машҳур “Кетмоқдаман” шеъри асосидаги қўшиғини истеъдодли санъаткор ва олим, институтимиз профессори Ҳожиакбар Ҳамидов ижро этиб, иштирокчиларнинг қалбига йўл топди. Институтимизнинг ёш магистрантларидан Дилмурод Акбаров шоир ижодиётидан илҳомланганини, қатор шеърларида унинг ижодий ва ижобий таъсирининг яққол сезилишини қайд этди.
Абдулла Орипов (Абдулла ака) ҳақида сўз кетганда ўзбекнинг танти ва жайдари фарзанди кўз олдимизда гавдаланади. Катта шоир ҳамиша ўз вақтида майдонга келади, у – ҳамиша тарихий. Зотан, шоир ўз халқининг овози, унинг орзу-умидлари ва инсон қалби изтиробларининг ифодачисидир. Институтда ҳам адибнинг ижодини тарғиб қилиш мақсадида йўл харитаси ишлаб чиқилиб шоир ижоди ва ҳаёт йўлига бағишланган кўплаб маънавий-маърифий, бадиий ва ижодий тадбирлар режалаштирилган. Жумладан, Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига бағишланган музей ташкил қилиш, адибнинг ижоди ва ҳаёт йўлига бағишланган онлайн-вебинарлар ташкил этиш, Абдулла Орипов туғилиб ўсган Қашқадарё вилояти Косон туманига талабалар саёҳатини уюштириш, шунингдек, институтда Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш ва шу муносабат билан республика миқёсида конференция ташкил этиш, Абдулла Орипов тўғрисида ҳужжатли фильм яратиш, институтда “Абдулла Орипов издошлари” тўгарагини ташкил этиш, Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби билан ҳамкорликда тадбирлар ташкил этиш институт томонидан келгусида амалга оширадиган режалар ҳисобланади.
Онлайн – форум иштирокчилари томонидан илиқ кутиб олиниб, ижобий фикр ва мулоҳазалар ҳамда савол-жавобларга бой бўлди. Мазкур онлайн – форум “Ўзбекистон-24” ҳамда “Менинг юртим 5” телеканаллари томонидан ёритилди. Ўзбекларга хос донишмандлик, бағрикенглик, хокисорлик ва андиша Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига сингиб кетган. У ўзбекнинг рамзи бўлган ижодкор. Бундай эътирофлар ўз-ўзидан дунёга келган эмас. Бир пайтлар овози икки дарё оралиғида қолиб кетганидан ўксинган шоир истиқлолдан кейин дунё миқёсида эътироф этилди.
.
ТИҚХММИ матбуот хизмати