Армия ва халқ – бир тану бир жондир
Байрам сўзида шодлик ва хурсандчиликдан ташқари халқ ғурури ва ватан фахри ҳам бор. Шундай экан, ана шу икки муқаддас тушунча халқ ва ватан сўзлари унинг ҳимоясига дахлдор бўлган миллий армия, қуролли кучлар, юрт ҳимоячилари билан улкан аҳамият касб этади. Олий бош қўмондон, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригида худди шу руҳ акс этди. Ушбу қутлуғ айём том маънодаги умумхалқ байрамига, азалдан халқимизга хос бўлган ватанпарварлик, мардлик ва жасурлик каби юксак фазилатлар тимсолига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.
Президент миллий армиямизнинг куч-қудрати азму шижоатли ва ҳар ишда етук салоҳиятли ҳарбий хизматчиларимизнинг, бағрикенг ва олижаноб халқимизнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлигида эканини таъкидлади. Бугун Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ҳам ана шу қутлуғ сана муносабати билан “Мардлар қўриқлайди ватанни” маърифий – маънавий тадбир ташкил этилди.
Кўргазмали тадбир 15 январь куни эрталаб соат 10.00.да Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларининг ҳарбий техникалари ва замонавий ўқотар қуроллари намойиши билан бошланди. Унда Миллий гвардиянинг отлиқ ва мотоциклли ҳарбийлари ҳам иштирок этишиб, йиғилганлар диққатини янада ўзига жалб қилди. Талабалар ҳарбий техника воситаларини шунчалик томоша қилмасдан, ўқотар қуролларни қўлига ушлаб кўриш асносида махсус мутахассислар томонидан берилган техник тавсифлар ҳақида ҳам маълумотга эга бўлишди. Учрашув Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг жанговар кўргазмали чиқишлари билан давом этди.
Тадбир аввалида институт ректори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевич иштирокчиларни байрам билан қизғин муборакбод этди. Сўнгра ЎзМУ Ҳарбий тайёргарлик маркази цикл бошлиғи Наврўзов Раҳмат Наврўзович сўзга чиқиб, институт ректорига ЎзМУ Ҳарбий тайёргарлик маркази номидан диплом топширди. Шундан кейин Қуролли кучлар оркестри ижросида ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради. Шунингдек, институт талабалари томонидан ҳам шу мавзудаги ашула ва рақслар ижро этилди. Институтимиз ўқитувчиларидан Абдумирҳаким Аҳмедов, талабалардан Дилноза Жабборова, Зафар Йўлдошевлар ўзларининг севган қўшиқлари билан чиқиш қилишиб, йиғилганларни олқишига сазовор бўлишди. “Армия ва халқ – бир тану бир жондир” ғояси замирига жо бўлган тадбирда ҳарбийларнинг жонли чиқишлари ва амалий машғулотлардан намуналар билан иштирок этиши иштирокчиларнинг хотирасида ўчмас из қолдирди.
ТИҚХММИ матбуот хизмати