Билимда хосият, илмда моҳият

Талабалар билим билан қуролланар экан, илмнинг амалий эҳтиёж туфайли бўлганини, ишлаб чиқарувчи кучларнинг қандай тараққий этганини, техника ва иқтисод соҳасидаги янгиликлар, илмнинг борган сари ривожлантира боришни, илм эса ўз навбатида ҳаётни яхшилишга ёрдам беришини англайдилар. Илмнинг ривожланишида тажрибанинг роли каттадир. Илмий назарияларнинг ҳаққонийлиги амалиётда синалади: уни тажриба ё тасдиқлайди, ё инкор қилади. Бундай назария билан тажриба ўртасидаги мураккаб муносабатларни талабалар илм асосларини ўрганиш жараёнида фаҳмлаб олишлари лозим. “Улуғлик гапда эмас бошдан-оёқ, Ярти иш ҳам юзта гапдан яхшироқ” – деган Абдулқосим Фирдавсий.

 

Бугунги кунда таълим тизимида янгилик сифатида "5+1" таълим дастури амалиётга кенг миқёсда татбиқ этилмоқда. Эндиликда талабалар олий таълим муассасаларида 5 кун назарий билимларни олишиб, 1 кун ўз мутахассисликларига мос бўлган ишлаб чиқариш объектларида амалиёт ўташлари мумкин. Юқорида келтирилган фикрларга таяниб, "Гидромелиоратив тизимлардан фойдаланиш" кафедраси ва "Бўзсув" ирригация тизимлари бошқармаси билан амалий ҳамкорлик борасида келишув йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда "Бўзсув" ИТБда талабалар "5+1" дастури асосида ўқув амалиётини ўташлари учун алоҳида ўқув хонаси тайёрланиб, керакли жиҳозлар билан таъминланган. "Гидромелиоратив тизимлардан фойдаланиш" кафедраси ўқитувчилари С.Дўстназарова, М.Мухаммадиева ва Н.Гадоевлар "Гидромелиорация" факултети 3 ва 4 - босқич талабалари учун "Гидромелиоратив тизимлардан фойдаланиш" ҳамда "Қишлоқ хўжалиги экинлар ҳосилдорлигини башоратлаш" фанларидан аллақачон ўқув амалиёт дарсларини бошлаб юборишган. Бошланган хайрли ишларида қадрли устозлар ва илмга чанқоқ талабаларга омад ҳамда зафарлар тилаб қоламиз!

 

ГМ факултети талабаси Азизбек Ҳасанов ахбороти

Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов