Табиат ва жамиятнинг инъоми
Табиат билан жамиятнинг сирлашуви ва тиллашувини айнан Наврўз айёмида, баҳор келинчаги сепини ёйган кунларда ҳис этмаслик мумкин эмас. Табиат гули Наврўзой ва жамият гули инсоннинг тийнатида ўзгача руҳ ва шукуҳ ҳукмронлик қилади айни ўша онларда. Табиатдаги янгиланиш жамиятдаги жонланиш билан уйғун кечганида инсон наврўзий тансиқ таомларни тановул қилиб, ўйин-кулги ва соз-у суҳбатга ошна ва ташна бўлиши ҳам завқлидир. Бу эса жаннатмонанд диёрда, осуда осмон остида яшаётган меҳрли ва аҳил халққа ярашади, қут - барака келтиради. Ана шундай файзли кунларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва ташкилотчиликлари билан бунёд этилган Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабида Наврўз сайли ташкил этилгани боис байрам тантаналарида бўлдик. Институтимиз жамоаси билан ижод мактаби коллективи ўртасида мулоқот ва китоблар тақдим этиш анчадан бери анъана тусини олган. Деярлик институтимизда ўтказиладиган маърифий тадбирларда уларнинг ўқувчи ва ўқитувчилари иштирок этишса, улар томонидан ташкил этилган маънавий тадбирларида эса институтимиз талаба ва профессор-ўқитувчилари мунтазам равишда қатнашишади.
Бизни анвойи гул ва либослар билан бурканган ўқувчи қизлар, ижод мактабининг директори Юлдашева Нилуфар Абдуллаевна меҳр-у самимият билан кутиб олишди. Институтимиз профессори, педагогика фанлари доктори Исмоилова Зуҳра Карабаевна билан ижод мактаби жамоасига ўз дил изҳорларимизни билдирдик. Наврўз баҳорда кун ва туннинг баравар келишидир. Баъзи Шарқ халқларида ушбу байрам дастурхонига етти хил мевали дарахт новдаси қўйилган. Бу билан кейинги Наврўзгача шу дарахтлар меваларидан тановул қилиш насиб этсин, дейилган. Наврўзга доир кечаги кунларни ёдга олсак, у тақиқланди, сумалаклар ариққа тўкилди. Байрам қилувчиларга маломат тошлари отилди.. Минг бор шукрлар бўлсинки, Истиқлол туфайли, Президентимизнинг азму шижоати сабаб халқимиз Наврўзни яна байрам қилиш бахтига мушарраф бўлди.
Ҳазрат Алишер Навоий ёзадилар: “Жамшид ҳусну жамолда беназур эрди. Fаройиб ихтиролар қилди... “Чиҳил минор” қасрини қурди. Унда олтин тахт устида ўтириб, адолат овозасин ва садосини оламга ёйди. Ул куннинг отини Наврўз қўйди...” Дарҳақиқат, Наврўз меҳр-оқибат тантанасидир. Бу кунда ёшларнинг кексалар, хасталар ҳолидан хабар олиши савоб саналади. Хайёмнинг “Наврўзнома” асари бор, ўзбек тилига таржима ҳам қилинган. Унда Наврўз куй-қўшиқсиз, шеърсиз ўтмаганлиги таъкидланади. Шоирнинг ўзи ҳам бир рубоийсида айтганидек:
Наврўз ярқиради олам уфқида,
Дилимнинг дилрабо, навжавон фасли.
Янгича жилолар фикру туйғуда,
Наврўз — ишқу изҳор фаслидир асли.
Навоийнинг бир ғазали таркибидаги байтда замондошларига, авлодларга Наврўзий дуоси бор. Унда ҳар туннинг қадр кечасидек улуғликка бурканиши, ҳар куннинг эса Наврўздек байрам қилиниши орзу-умиди ифода этилган:
Эй юзинг боғи насимида ҳавойи Наврўз,
Лаълийи томинг бўлуб ул боғда бўстон Наврўз.
Зулфу рухсор ила комимға мени еткузсанг,
Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунунг ўлсун Наврўз.
Ушбу истаклар азалий ва абадий гўзал байрамимиз, ҳамжиҳатлик ҳамда дўстлик тимсоли бўлган Наврўз юртимизга ҳамиша бахт, фаровонлик, тўкин-сочинлик олиб келсин дея ният билдирамиз.
ТИҚХММИ матбуот хизмати