Сув хўжалиги соҳаси битирувчилари учун “Карьера куни” ўтказилди
Инсоннинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун олинган билим, ўзлаштирилган амалий тажриба ва шу асосдаги касб соҳиби бўлиши катта моҳият касб этади. Вертикал ва горизонтал йўсиндаги карьера ҳар бир инсоннинг орзуси, камолот пиллапояларидан ошиб бориши билан изоҳланади. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бўш иш ўринлари “Карьера куни” ярмаркаси ташкил этилди. Унда республикамизнинг барча вилоят, шаҳар ва туманларидан 146 та сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, гидротехника иншоотлари қурилиши, электроэнергетика, ер ресурсларини бошқариш, экология, иқтисодиёт соҳалари бўйича ташкилот ва корхоналар 5095 та бўш иш ўринлари билан қатнашди.
2018/2019 ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассислиги бўйича жами 1504 нафар битирувчилари ўзлари доимий яшаётган ҳудудий объектларида мутахассислиги бўйича ишга жойлашиш имкониятига эга бўлдилар. Ярмарка битирувчиларга ўз мутахассисликлари бўйича иш берувчилар билан ўзаро суҳбатлашиш шартнома тузиш учун қулай имконият яратди. Тадбир доирасида кўплаб ёшлар ўз иш жойларини тайин қилиб олишди, уларга йўлланмалар берилиб, ўзаро шартномалар ҳам имзоланди.
Cув хўжалиги вазирлиги Ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Давергеодезкадастр” давлат қўмитаси ташкилотлари, “Ўзагросервис” АЖнинг вилоят ва туман МТПлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ташкилотлари ҳамда кўплаб соҳа бўйича хорижий қўшма корхоналар иқтидорли ва қобилиятли битирувчиларни суҳбат ва тест асосида саралаб олишди. Тадбир натижасида 1300 дан ортиқ битирувчилар ўзлари ўқиш давомида амалиёт ўтаган объектлари, географик жиҳатдан яшаш манзилига қулай бўлган ташкилотларида ишга жойлашув битимини имзолаб, Ўзбекистонимиз равнақи йўлида сидқидилдан хизмат қилишга тайёрлигидан мамнун эканлиги ҳар бир талабанинг юзида яққол кўриниб турибди.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов