Полшадаги “Arch-Eco” Халқаро Илмий Aнжуманда ТИҚХММИнинг ўрни
Жорий йилнинг 11 - июнь куни Пoлша Республикасидаги Краков Технология Университети ташаббуси билан “Zoom” онлайн платформаси орқали “IX Arch-Eco International Scientific Conference” халқаро конференсияси ташкил этилди. Эътиборли жиҳати, мазкур конференсияни очилиш маросимида Краков Технология Университети биринчи проректори ҳамда Украина ва Туркия университетлари вакиллари билан бир қаторда институтимиз “Электр таъминоти ва қайта тикланувчан энергия манбалари” кафедраси профессори Турсунов Обид Бобокулович ўз кириш нутқлари билан конференцияни бошлаб бердилар. Қувонарли жиҳати шундаки институтимиз профессор-ўқитувчиларига бўлган эътибор халқаро майдонда ҳам ошиб бораяпти.
Шунингдек, профессор Обид Турсунов ва кафедра мудири Дилшод Кодиров бошчилигида кафедранинг I курс доктаранти Нурислом Aбдуғаниев ва I курс магистратура талабалари Раҳимжон Қобилов, Сайёдбек Саминов, Ғиёсбек Хасанов ва Исломбек Каримовлар иштирок этишди. Бундан ташқари кафедра профессори Обид Турсунов модераторлик қилган “Future Technology” секциясида “Электр таъминоти ва қайта тикланувчан энергия манбалари” кафедраси I курс докторанти ва I курс магистрларининг ҳам чиқишлари конференсия иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Хулоса қилиб айтганда, мазкур халқаро миқёсдаги конференция ёш изланувчиларимиз учун келажакда илмий изланишларида катта мактаб бўлиб хизмат қилади.
Халқаро конференцияни ёпилиш маросимида Проф. Обид Турсунов сўзга чиқиб халқаро конференция ташкилотчиларига ўз миннатдорчиликларини билдирган ҳолда ёшларни тўғри йўналтириш ва уларни амалда қўллаб-қувватлаш мақсадида мана шундай халқаро проектларни амалда қўллаб-қувватлашларини таъкидлаб ўтдилар.
Қўшимча маълумот:
Краков Технология Университети автоном давлат университети бўлиб, 1945 йилда ташкил топган ва Полша Фан ва Олий таълим вазирлигига бўйсунади. Ушбу университет Полшадаги энг яхши техник университетлардан биридир. У қуйидаги халқаро рейтингларга киритилган:
2021 QS World University Rankings (#801)
2021 Emerging Europe and Central Asia University Rankings (#79)
2020 UI GreenMetric World University Ranking (#724)
ТИҚХММИ матбуот хизмати