Қувонч олиб келар Янги йил!
Шу кунларда Ўзбекистоннинг барча шаҳар ва туманларида Янги йил байрамини кўтаринки руҳда нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Туман ва шаҳарлардаги марказий хиёбонлар, майдонларда таълим муассасаларда байрам арчалари ўрнатилиб, безатилмоқда. Байрам тараддуди барча жамоат ташкилотлари, таълим муассасаларида ўзига хос тарзда кечиши тайин. Куни кеча "Ер ресурсларини бошқариш" факультети талабалар турар жойида ҳам байрам арчаси ўрнатилиб, талаба-ёшларимиз учун қишки таътилга кетиш олдидан ажойиб бир байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда факультет декани Ш.Нарбаев, Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳ.Эшова, Ердан фойдаланиш кафедраси мудири А.Бобожонов, кафедранинг катта ўқитувчиси С.Шарипов, профессор-ўқитувчилар ва 5 - талабалар турар жойида яшовчи барча талабалар иштирок этишди. Янги йилни кутиб олиш маълум маънода ўтган йилнинг сарҳисоби ва келаётган йилдаги режаларни белгилаш ҳам демакдир. Йил давомида эришилган ютуқ ва йўл қўйилган камчиликлар инсоннинг ўз-ўзига ҳисоботи, айни пайтда ўз касбига, вазифасига нисбатан масъулиятини ошириши тайин. Шунингдек, байрам арафасида талабалар турар жойида ўзининг намунали хулқи, маънавий-маърифий ишларга фаол ётоҳона кенгаши аъзолари, ҳамда талабалар турар жойида энг намунали хона номинациялари билан бир қатор талабаларимиз фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан тақдирланди. Байрам кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Кириб келаётган 2020 йил барчамизга муборак бўлсин.
ЕРБ факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳуррият Эшова ахбороти
Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов