“Муваффақиятли илмий иш олиб бориш калити” мавзусида интерактив семинар

Барчамизга маълумки, XXI аср ҳар бир инсондан юксак билимга, ўткир зеҳнга ҳамда юқори малакага эга бўлишни талаб қилади. Айниқса, талаба ёшларнинг таълим олишлари билан бирга бундай фазилатларга эга бўлишлари, уларнинг келажакда ўз соҳаси бўйича етук кадр бўлиб етишишларини кафолатлайди. Шунинг билан бирга, ўқиш мобайнида, қўшимча дарс ва ўқув-семинарларда иштирок этиш илм даргоҳида олган билимларни янада мустаҳкамлашга ёрдам беради. 2020 йилнинг 16 январь куни ТИҚХММИнинг  Халқаро бўлими қошидаги “SUSADICA – Марказий Осиёда қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш” докторантура (PhD) мактаби лойиҳаси хонасида институт талабалари учун  “Муваффақиятли илмий иш олиб бориш калити” мавзусида SUSADICA лойиҳаси кординатори  Нозила Мухамедова томонидан янгича усулда интерактив семинар ўтказилди.

Ушбу семинарда институтда таълим олаётган 30 га яқин талаба ёшлар иштирок этишди. Семинар қизиқарли савол-жавоб шаклида ўтказилди. Семинарда қандай қилиб мақола ёзиш, илмий иш қилиш учун нималарга эътибор бериш кераклиги, танланаётган мавзунинг долзарблиги, бугунги кунда ҳамда келажакда жамиятимиз учун берадиган фойдаси хусусида баҳс-мунозара ва фиклар алмашилди. Турли хил мавзуларда бундай семинарларни кўпроқ ташкил қилиш борасида талабалар ўз таклифларини билдириб ўтдилар. Албатта, бу таклифни инобатга олган ҳолда, семинарлар ҳар пайшанба куни соат 11:00 да институтимизнинг 11 -биноси 3 - қаватида талаба-ёшлар учун ташкил этилиши келишиб олинди.

Менежмент таълим йўналиши 1-босқич магистранти М. Холиқулов ахбороти

Институт матбуот хизмати раҳбари Р. Жуманиёзов