Илм – саодат калити

«Ирригация ва мелиорация» кафедраси доценти Адҳам Маматалиев раҳбарлигида «Сув хўжалиги ва мелиорация» таълим йўналиши 402-гуруҳ талабалари Тошкент шаҳридаги Абулқосим мадрасасига ташрифни амалга оширдилар. Ташрифдан мақсад талабаларни шарқ меъморчилиги анъаналари асосида қурилган бу мадраса тарихидан хабардор қилиш, ўтган даврдаги илм-фан, маориф ва маданиятнинг юксак даражадаги тараққиёти, тарихий ютуқларимиз, анъаналаримиз билан таништириш, бу соҳадаги тасаввурларини бойитишдан иборат эди.

Абулқосим мадрасаси 1850 йилда қурилган бўлиб, маҳаллий ва Ўрта Осиё халқларининг кўплаб зиёли вакилларининг етишиб чиқишида ўз ҳиссасини қўшган зиё масканидир. Жумладан, мадрасасида Абдулла Қодирий, Мунаввар­қори Абдурашидхонов, Ғулом Зафарий ва Абдурауф Фитрат маълум вақт давомида таҳсил олганлар. Бу эса юртимиз азалдан илм-фани ва маданиятининг бешикларидан бири бўлганлигининг яна бир далилидир.

Тарихий хотираси йўқ давлатнинг келажаги бўлмайди, деган иборанинг замирида олам-олам маъно мужассам. Дарҳақиқат, гўзал Ўзбекистонимиз ҳудудида узоқ йиллик тарихга эга қадамжою-тарихий обидалар кўп. Уларни зиёрат қилиш эса ҳар бир инсон учун аждодлар босиб ўтган йўл тарихи ва унинг қудратини ҳис қилиш демакдир. Тарихий ва маданий ёдгорликлар билан танишиш ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат ва дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу ташриф ҳам шу мақсадни кўзда тутган эди. Мадраса зиёрати талабаларда катта таассуротлар қолдирди.

 

ТИҚХММИ матбуот хизмати