“Бувижоним кийган либослар” кўрик-танлови бўлиб ўтди
Барчамиз биламизки, либос - кишининг ташқи кўриниши, маънавий дунёси, тафаккури ҳамда ички хислатларини ўзида намоён эта олиш хусусиятига эгадир. Ҳар бир киши ўзи кийган либоси орқали бошқалар тасаввурида ким ва қандай одам эканлигини кўрсатиб беради. Бугунги кунда юртимизда кийиниш маданиятига бўлган эътибор талаб даражаси сифатида кўрилмоқда. Айни кунларда “Оммавий маданият” таъсири остида Европа мамлакатларида ҳозирда урфга кирган “йиртиқ-ямоқ” кийимларни биз кўча-кўйларда ёшларимизда ҳам кўриб бормоқдамиз. Очиғи, охирги пайтларда буларни кўравериб, ажабланмай ҳам қўйдик. Жорий йилнинг 18 февраль куни институтимиз “Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгаши” раиси З. Исмаилова, кенгаш аъзолари З. Ҳафизова, институт матбуот хизмати раҳбари Р. Жуманиёзов, “Ер ресурсларини бошқариш” факультети декани Ш. Нарбаев, Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳ.Эшова ва факультети хотин қизлар кенгаши раиси О.Рўзиқулова, ташаббуси билан ўзбек миллий қадриятларини ўзида мужассамлаштирган “Ўзбек миллий либослар”, “Бувижоним кийган либослар” кўргазмаси тадбири ўтказилди.
Тадбирда Республика маънавият ва маърифат маркази тарғиботчиси, Хотин-қизлар қўмитаси маслаҳатчи-эксперти, профессор Жамила Тошпўлатовна Шермухамедова талаба-қизлар билан жонли мулоқот асосида иштирок этди. Ушбу таъбирни ўтказишимиздан асосий мақсад эса ёшларимизни маънавиятида тарихий қадриятларимизга бўлган эътиборини ошириш, келажакда улар баркамол инсон бўлиб тарбия топишига эришишдир. Албатта, бунинг замирида ёшларимизнинг кийиниш маданиятига бўлган муносабати яхшиланади, шу билан бирга ўзбек миллий қадриятларимизни асраб-авайлашда давом этади. Тадбир давомида талаба қизлар тарихдан қизларимиз, онахонларимиз-у, бувижонларимиз кийган миллий либослардан кўргазмалар намойиш этиш билан бир қаторда ҳар бир вилоятга мансуб рақслари билан йиғилганларни хушнуд этишди.
Шуни алоҳида айтиб ўтиш жоизки, ушбу тадбир Zoom платформаси орқали онлайн тарзда ҳам ташкил этилди. Энг яхши деб топилган либос эгалари факультет раҳбарияти томонидан эсдалик совғалари ва ташаккурномалар билан тақдирланди. Тадбирнинг жозибали тарзда ўтиши ҳамда бошқа мутасаддиларнинг ташаббускорлиги, ташкилотчилигининг самараси десак, ўринли бўлади. Шу сабабли тадбирни ташкил этган ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
ТИҚХММИ матбуот хизмати