Эразмус+ “DSinGIS” лойиҳаси доирасида Қишки мактаб онлайн тарзда ўз ишини бошлади
Европа Иттифоқининг Олий таълимда салоҳиятни ошириш бўйича Эразмус+ “DSinGIS” лойиҳаси режасига биноан, лойиҳа доирасида 2021 йилнинг 15-26 феврал кунларига мўлжалланган Геоинформатика бўйича Қишки мактаб (“Winter School”) ўз ишини бошлади. Мазкур қишки мактаб лойиҳа доирасида ҳар бир ҳамкор ОТМлар учун харид қилиниб, “e-learning” марказларига ўрнатилган замонавий видео-конференция алоқа жиҳозларидан фойдаланган ҳолда онлайн тарзда амалга оширилмоқда. Ушбу қишки мактаб иштирокчилари лойиҳанинг Ўзбекистондаги ҳамкор ОТМлари (Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд давлат архитектура - қурилиш иниститути, Қорақалпоқ давлат унверситети ва Тошкент архитектура қурилиш институти) Геоинформатика йўналиши бўйича таҳсил олаётган магистрант, докторант ва илмий тадқиқотчиларидан иборатдир.
Қишки мактаб давомида иштирокчиларнинг асосан ҳозирги кунда кенг оммалашиб бораётган Масофадан зондлаш (“Remote Sensing”) ҳамда “R” дастуридан фойдаланиш (“R Programming”) бўйича билим ва кўникмаларини оширишлари кўзда тутилган. Эътиборли жиҳати шундаки, Қишки мактабда олиб бориладиган курсларга ушбу соҳа бўйича Европанинг малакали мутахассислари Др. Малгорзата Вероне Войташек (Обуда университети, Венгрия) ва Макс Хофман (Ўтиш даври иқтисодиёти мамлакатларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Лейбниз институти, IAMO, Германия) жалб этилган.
Қишки мактаб ишининг ташкил этилиши ва амалга ошрилиши лойиҳанинг Ўзбекистондаги Миллий координатори, ТИҚХММИ таянч докторанти Илхом Абдурахманов томонидан мувофиқлаштириб борилмоқда. Лойиҳанинг Миллий менежери Маманбек Реимов ҳамда ТИҚХММИ таянч докторантлари Зохид Маматқулов ва Акбар Хамралиев қишки мактаб жараёнида ҳам таржимон, ҳам қатнашчи сифатида иштирок этишмоқда.
Масофадан зондлаш бўйича дарслар 15-19 феврал кунлари, “R” дастуридан фойдаланиш бўйича эса 22-26 феврал кунлари амалга оширилиши режалаштирилган. 10 кунлик онлайн қишки мактаб курсларини муваффақиятли тамомлаган иштирокчиларга DSinGIS лойиҳаси доирасида халқаро сертификатлар топширилади.
“Давлат кадастрлари” кафедраси таянч докторанти Моҳигул Абдурахимова ахбороти
ТИҚХММИ матбуот хизмати