Долзарб ва залворли мавзудаги диссертация муҳокамаси
Қайсики давлатда илм, фанга эътибор юқори бўлса, ўша юртда тараққиёт бўлиши бугунги кунда айни ҳақиқат. Барча жабҳаларда ривожланишнинг таъминланиши ҳам шу биландир, аслида. Худди шу маънода, Президентимиз раҳнамолигида илм-фан, назария, амалиёт ва ишлаб чиқариш интеграциясининг уйғунлигидаги фаолиятда ҳикмат катта. Мамлакат тараққиётига доир мавзулар кўп, ўзларининг моҳият эътибори билан катта аҳамиятга молик. Лекин таълим тизимининг ўзак масалалари билан боғлиқ мавзуларнинг ҳар жиҳатдан ўрни ва роли катта. Гап мавзунинг қандай эканлигида эмас, балки олинган мавзунинг қандай ёритилиши ва тадқиқ этилишидадир. Касб таълими мутахассисларининг савияси, даражаси юқори бўлиши шарт. Чунки бу юрт тараққиёти ва давлат равнақини таъминлайдиан мезон. Шунинг учун ҳам бу мавзу ҳар доим долзарб ва залворлидир. Айниқса дуал тизими асосида касбга тайёрлаш шу соҳанинг, аниқроғи, таълим методологиясининг ўзаги ва ўзанидир десак, мубоаға бўлмайди.
2020 йилнинг 18 август куни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида “Педагогика, психология ва ўқитиш методикаси” кафедрасининг ZOOM платформаси орқали кенгайтирилган йиғилишида ана шундай муҳим ва долзарб диссертациянинг муҳокамаси бўлиб ўтди. Йиғилишда кун тартибидан ўрин олган Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори, педагогика фанлари номзоди, доцент, “Педагогика, психология ва ўқитиш методикаси” кафедраси мустақил тадқиқотчиси Чориев Рузимурат Кунгратовичнинг 13.00.05 – Касб-ҳунар таълими назарияси ва методикаси ихтисослиги бўйича “Касб таълими мутахассисларини Дуал тизими асосида касбий фаолиятга тайёрлаш методикасини такомиллаштириш” мавзусидаги педагогика фанлари доктори (DSi) диссертациясининг муҳокамаси жонли ва қизғин тарзда кечди.
Мазкур муҳокамада Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, ТошДАУ Андижон филиали, Жиззах политехника институти профессорлари, Сурхондарё вилоят ўрта-махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси ходимлари, ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этишди. Педагогика фанлари доктори, профессор З. К. Исмоилова илмий раҳбар сифатида илмий ишнинг ёритилиш жараёни ва тадқиқот объектига олинган мавзунинг моҳияти борасида асосли фикрларни илгари сурди. Институт проректори Тоҳир Султонов ушбу иш педагогик таълим методологияси жабҳасига муносиб ҳисса бўлиб қўшилишига шубҳа йўқлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, диссертация муҳокамаси юзасидан профессорлар Ш. Ўлжаева, М. Ҳакимова, Н. Исакуловалар тақризчи сифатида сўзга чиққан бўлсалар, А Исаков, Ш. Абдуллаеа, Р. Саломовалар диссертант ва диссертация бўйича ўзларининг ижобий фикрларини билдириб ўтдилар.
Муҳокама жараёнида тадқиқотчи Р.Чориев томонидан тайёрланган докторлик ишига мутахассислар томонидан ижобий фикрлар билдирилди. Тақризчилар томонидан диссертация ишини кейинги босқичга чиқариш юзасидан тавсия берилди. Кафедранинг кенгайтирилган мажлиси якунида мустақил – тадқиқотчи Р.Чориевнинг диссертация иши тугаллангани, йиғилганлар томонидан бир овоздан маъқулланиб, кейинги босқичга тавсия этилгани диссертация мавзуи ва диссертантнинг ғоявий мақсади тўла амалга ошганини билдиради.
Диссертантнинг бугунги ютуғи тасодифий эмас, балки, унинг бугунги кунга қадар илмий замини, мустаҳкам пойдевори бор. Унинг чоп этилган 200 га яқин мақолалари, бир нечта монография ва услубий қўлланмалари бунинг исботидир. Таълим тизимида, интеллектуал салоҳиятга эга тадқиқотчи бўлгани ва Тошкент вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида ректорлик лавозимида фаолият юритган пайтларида 20 дан зиёд тадқиқотчилар фан номзоди ва докторлик илмий даражаларига эга бўлганини айтмаслик ва унинг ташаббуси ҳамда ташкилотчилиги билан бир нечта республика ва халқаро миқёсдаги илмий-назарий конференцияларнинг ўтказилганини таъкидламаслик инсофдан эмас.
"ШУҲРАТ" медали соҳиби, тажрибали педагог, олим ва йирик мутахассис Р. К. Чориев фаолиятидаги муваффақиятлар унинг илмий салоҳияти ва юксак иқтидори билан боғлиқлиги аён. Энг муҳими, унинг тадқиқот иши, илмий рисоласининг боблари ва қисмлари орасида ўзига хос изчиллик ва мантиқийлик тўла сақланган. Диссертант ўз олдига қўйган илмий мақсадини тўла амалга оширганлиги, барча соҳа мутахассислари ва мутасаддилари томонидан ижобий йўсинда баҳолангани касбдош ва жамоадош сифатида ҳаммамизнинг фахримизга боисдир.
ТИҚХММИ матбуот хизмати