Мехру-саховат билан олам обод!

Маълумки, Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги Сардоба сув омборида юз берган ўпирилиш туфайли сув тошган ҳудуддан минглаб юртдошларимиз эвакуация қилинганди. Уларга Президентимиз бошчилигида барча зарурий шарт-шароитларни яратиш борасида тезкор ва тизимли  ишлар олиб борилди. Бу хайрли ишлар ҳанузгача давом этмоқда. Шундай вақтларда бирлашиб, табиий офатдан жабрланган аҳолига ёрдам қўлини чўзишни инсонийлик бурчи деб ҳисоблаган юртдошларимиз Сардобага инсонпарварик кўмагини жўнатдилар. Шулар қаторида биринчилардан бўлиб, президентимизнинг ташаббусига “лаббай” дея жавоб берган ҳолда ҳурматли ректоримиз Ў.П.Умурзаков бошчилигида ТИҚХММИ раҳбар ва ходимлари уй-рўзғор буюмлари, кийим-кечак, ўрин-кўрпалар ва озиқ-овқатлар тўпланган саховат карвони Сардобага жўнатилганди.

Институт талабалари орасида ушбу табиий офатдан талофат кўрган оилаларнинг фарзандлари ҳам бўлиб, ректоримиз бошчилигида ушбу талабаларга зарурий шарт-шароитлар яратиш ва уларни билим олишлари учун неки лозим бўлса, барча шароитлар муҳайё қилинди. Ушбу эзгу ишлар доирасида жорий йилнинг 17 июнь куни «Гидравлика ва гидроинформатика» кафедраси проф-ўқитувчи ва мураббийлари томонидан табиий офат натижасида эвакуация қилинган “Гидромелиорация” факультети талабаларининг оилавий аҳволи, яшаш шароитини ўрганиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташриф буюрдилар.

Ташрифда кафедра проф-ўқитувчилари томонидан “Сув хўжалиги ва мелиорация” таълим йўналиши 3 босқич талабалари Абдувалиев Шерзод, Усмонов Нурмуҳаммад ва Расулжонов Фаррухларнинг оилавий аҳвол, яшаш шароити билан танишиб, ота-оналари билан  пандемия ва табиий офатлар натижасида юзага келган муаммоларни бирдамликда, бирга енгиш мумкинлиги ҳамда фарзандларининг билим олишлари учун яратиб  берилаётган шарт-шароит ва имкониятлари ҳақида суҳбатлашдилар. Суҳбат якунида эсдалик совғалари улашилди.

ТИҚХММИ матбуот хизмати