Ўзбекистон байроғи - миллатимиз маёғи

18-ноябр - Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан 2 Талабалар турар жойида Байроқ ҳақида давра суҳбати ўтказилди. «Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун 1991 - йил 18-ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида қабул қилинган. Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради. Байроқдаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзи. Тимсоллар тилида бу — яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқатни билдиради. Бинобарин, Амир Темур давлати байроғининг ранги ҳам мовий рангда эди. Байроқдаги оқ ранг — муқаддас тинчлик рамзи бўлиб, у кун чароғонлиги ва коинот ёриткичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг — поклик, беғуборлик, софликни, орзу ва ҳаёллар тозалиги, ички гўзалликка интилишнинг тимсоли. Яшил ранг — табиатнинг янгиланиш рамзи. У кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади. Қизил чизиқлар — вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини англатади. Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам. Юлдузлар барча учун руҳоний, илоҳий тимсол саналган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Бизнинг ўн икки юлдузга бўлган эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади. Давлат байроғимиздаги 12 юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушуниш лозим. ГТС, ҚСХЕТ талабалари фаол қатнашишди.

Бизнинг байроқ

Ҳилпиратар доим ҳурлик шабодаси,

Истараси жаннатларга тенг, чиройли.

Бу сўзларим ғуруримнинг ифодаси –

Бизнинг байроқ ер юзида энг чиройли!

-----------

Сузар денгиз мавжларининг моҳиридай,

Кўкка учар, осмон унинг соҳилидай,

Ўйноқлайди сулувларнинг кокилидай,

Бизнинг байроқ ер юзида энг чиройли!

------------

Деманг зинҳор, бу миллатнинг матоси шу,

Уни мато деганларнинг хатоси шу,

Бизлар учун тақдирнинг зўр атоси шу,

Бизнинг байроқ ер юзида энг чиройли!

---------------

Бошимизда мангу турсин тинчликка шай,

Унга қўнган чангни юзим билан артай,

Ботир бўлиб бор овозда қўрқмай айтай,

Бизнинг байроқ ер юзида энг чиройли!

Тарбиячи-педагог, психолог Дилором Сагдуллаева ахбороти

Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов