Прокуратура ходимлари билан учрашув

Кабинетда ўтириб иш юритиш даври ўтди. Халқ билан мулоқотнинг моҳияти давлат билан халқ орасидаги "кўприк"нинг мустаҳкамлигини таъминлаш, барча муаммоларга ечим топиш орқали амалий натижадорликка эришишдир. Бу ҳаракатнинг узвий давоми сифатида мутасадди раҳбарларнинг ёшлар билан учрашувини ташкил этиш ва шу аснода уларнинг талаб ҳама манфаатларини қондиришга қаратилган ҳаракат айниқса, олқишга сазовор. 

Бугун "Ер ресурсларини бошқариш" факультети талабалари билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Тошкент шаҳар прокуратураси раҳбарлари билан учрашуви ташкил этилди. Уларнинг Мирзо Улуғбек тумани ёшлари билан учрашуви дастури пухта ишлаб чиқилган бўлиб, ана шу тадбирлардан бири бизнинг институтда Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Абдувалиев Баҳодир Абдулҳаевич бошчилигида ўтказилди. Тадбирни институт ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Р. Чориев олиб борди. 

Б. Абдувалиев учрашувдан кўзланган мақсад ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун шароит ва имконият яратиш, уларни касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантириш эканини эътироф этди. Шунингдек, ёшларнинг бандлиги, уй-жой таъминоти, бўш вақтни мазмунли ўтказиш, таълим олишга ва касб ўрганишга бўлган талабини доим ўрганиб, ечим топиш ҳам учрашувлар замирига сингдирилган. Ёшларимизнинг хулқ-атвори, юриш-туриши, уларнинг тарбияси билан шуғулланиш, ёшларнинг мурожаатларини қайд этиш ва таҳлилини юритиш, талабаларнинг ҳуқуқий саводхонлик ва маданиятини ошириш келажакдаги мақсадларнинг рўёбини таъминлайди.

Шунинг учун ҳам Ёшлар иттифоқида прокурор учун алоҳида хона ажратилган бўлиб, бундан ёшларга ҳуқуқий кўмак бериш мақсад қилинади.

Институтимиздаги "Прокурор ва ёш талабалар" учрашуви бевосита спорт залида давом этди. Савол ва жавоблар Институтдаги миллий кураш билан шуғулланувчи ёшлар билан самимий суҳбат ташкил этилди. Мини-футбол бўйича  15-17 февраль кунлари ўтказилган "Прокурор кубоги"нинг финал босқичи юзасидан институтимиз талабаларининг "Ирригатор" футбол жамоасини тақдирлаш тадбири ҳам ўтказилди.

Бундай учрашувларнинг тез-тез ташкил этилиши ёшлар тафаккури ва ахлоқига ижобий таъсир ўтказмасдан қолмаслиги аниқ.

          Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов