Коррупция – эгри пойдевор
Коррупция ҳақида гапирган пайтда бу иллатнинг тараққийпавар мамлакатларга зиёни ҳақида кўп ва хўп ёзилган. Лекин барибир унинг илдизини қуритиш масаласида ожизлигимизча қолаверамиз. Ўзбекистон халқ шоири порахўрлик ҳақида сўз юритиб, шундай дегани ёдимизда. “Коррупция бу тирноққа ўхшайди, бир қирқиб қўйганингиздан кейин яна ўсиб чиқаверади. Ҳар дамда уни қирқиб туравериш керак.” Таълим тизимида коррупцияга йўл қўйиш оғир жиноят эканлиги ҳар доим эслатилади. Шунинг учун ҳам бунга қарши кураш бир сония ҳам тўхтамаслиги керак.
Институтимизда ҳам куни кеча ташкил этилган тадбир ана шу масалага бағишланди. Унда Давлат хавфсизлик хизмати ходими Ғайрат Мамаюсупов иштирок этиб масала бўйича ўз мулоҳазаларини билдириб ўтди. У ўз нутқида коррупцияга мойил бўлган ўқитувчилар ҳақида талабаларнинг мулоҳазалари ҳам эътибордан соқит қилинмаётганлиги борасида куюниб сўз юритди. Бу эса инсон тақдирига, унинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини, оқибатда одам боши берк кўчага кириб қолиши ҳақида яна бир бор эслатди. Тадбир давомида Республика Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ишланган “Эгри пойдевор - коррупция” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди. Фирибгарлик коррупциянинг ўчоғи, бунга ўтин келтирган ва олов ёқиб тутатган ҳам айбдордир.
Тадбир бошқарувчиси институтимиз ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Р.Чориев ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлаша туриб иштирокчиларга юзланди. Улар ҳам савол-жавоб йўсинида коррупцияга қарши ҳаракат ҳар бир инсоннинг виждон амри эканлигини уқтиришди. “Сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш” факультети декани Р. Ҳакимов ва Р. Жуманиёзовларнинг билдирган фикр ва таклифларини иштирокчилар бирдек маъқуллашди.
Институт матбуот хизмати раҳбари Р.Жуманиёзов