Ватанни севиш қадри

Улуғларни ёдлаш, улардан қолган адабий меросни кўзга тўтиё қилиш, келгуси авлодга, хусусан ёшларга ибрат ва намуна қилиб кўрсатиш қутлуғ ниятли халқнинг азалий ва абадий қадриятларидан. Албатта, бу нисбатларга хосу мос адиблардан бири Абдулла Ориповдир. Мана, бир неча ҳафтадирки, шанба ва якшанба кунлари улуғ шоиримиз сиймоси қошида, ҳайкал олдида таъзим бажо этиш, гулчамбарлар қўйиш, унинг шеърларидан ўқиб, замондош олимларнинг хотирасидан баҳраманд бўлиш анъана тусини олган.

2020 йил 20 июнь куни “Адиблар хиёбони” да Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига бағишлаб, “Сув хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш” факультетининг декани Р.Хакимов бошчилигида 50 нафардан ортиқ  профессор-ўқитувчилари ва фаол талабалари иштирокида “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” мавзусида адабий, маънавий-маърифий давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси шоира Фароғат Худойқулова, адабиётшунос олим Адҳамбек Алимбеков, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон ҳамда шоира Сайёра Туйчиевалар иштирок этишди.

Адабий кечада ташриф буюрган шоирлар ва адабиётшунос олимлар Абдулла Орипов ижоди ва ҳаёти тўғрисида ёрқин хотиралар билан ўртоқлашиб, шунингдек, шоир қаламига мансуб шеърларда ижод намуналардан йиғилганларга ўқиб бердилар. Тадбир давомида факультетимиз талаба қизлари томонидан ҳам шоир ижодидан шеърлар ёд этилди. Адабий кеча файзли ва мазмунли бўлиб ўтди.

 

“СХТЭ ва Б” факультети декани ўринбосари Ж.Турдиев ҳамда бош мураббий М.Рахматалиевлар ахбороти

ТИҚХММИ матбуот хизмати