Долзарб мақсадли халқаро семинар
2019 йил 20-ноябр куни Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида (ТИҚХММИ) UzTESPING (Ўзбекистонда Махсус Мақсадлар учун Инглиз тили ўқитувчиларининг интеграллашган тармоқлар гуруҳи) лойиҳаси доирасида халқаро семинар ташкил этилди. Халқаро анжуманни институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори Проф.Баҳодир Мирзаев очиқ деб эълон қилди. Сўнгра у ТИҚХММИдаги факултетлар, Махсус мақсадлар учун инглиз тили мутахассисликлари, эришилган улкан ютуқлар ва халқаро лойиҳалар ҳақида инглиз тилидаги батафсил маълумот бериб ўтди. Проректор UzTESPING лойиҳаси Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги Республика Илмий-Амалий Инновацион Маркази (РИАИМ) ва Британия кенгаши томонидан ташкил этилганлигини таъкидлаб, семинарга ташриф буюрган меҳмонлар ва лойиҳа иштирокчилари билан таништириб ўтди.
Халқаро семинарда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги Республика Илмий-Амалий Инновацион Маркази (РИАИМ) Бўлим бошлиғи Проф.Аббос Ирискулов, РИАИМ лойиҳа менежери ва тренери Светлана Хан, Британия Кенгашидаги таълим ва инглиз лойиҳалари координатори Саида Иргашева, Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университет катта ўқитувчиси Мандана Арфа ва 30 га яқин Махсус Мақсадлар учун Инглиз тили институтлари қатнашдилар. Ушбу лойиҳа Махсус Мақсадлар учун Инглиз ўқитувчиларига касбий ривожланишларида ёрдам бериш, Ўзбекистон ва чет эл мамлакатларида алоқа ўрнатиш учун имконият яратиш мақсадида ташкил этилган. UzTESPING лойиҳаси бизнинг миллий ислоҳотларимиз талабларига жавоб бериб, учта йўналишларни ўз ичига олади: Материалларни тайёрлаш, Махсус Мақсадлар учун Инглиз бўйича тадқиқотлар олиб бориш ва шу мақсаддаги ўқитувчилар эҳтиёжларига жавоб бериш.
Лойиҳа Махсус Мақсадларли Инглиз тили ўқитувчиларининг эҳтиёжлари учун тренинглар, учрашувлар ва вебинарларни ташкил этишдан иборат бўлиб, у нафақат бутун Ўзбекистон бўйлаб, балки чет эл мамлакатларида ҳам алоқа ўрнатиш учун имконият яратади. Кун тартибига биноан Махсус Мақсадлар учун Инглиз тилини самарали ўқитиш, 21-аср маҳоратлари, Британия Кенгашининг олий ўқув юртларида олиб бораётган лойиҳалари, Flipped Learning, Blended Learning, Махсус Мақсадларда Инглиз тилини ўқитишдаги муаммо ва ечимлар, АКТ соҳасидаги илғор тажрибалар ва шу мақсаддаги ўқитувчилар учун имкониятлар мавзуларида тақдимотлар тингланди.
Савол-жавоблар жараёнида ҳозирги кун меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган мутахассислар тайёрлашнинг аҳамияти, Махсус Мақсадларда Инглиз тилини ўқитиш тизимини модернизациялаш ва таълимга илғор технологияларни жорий этиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Семинарнинг якуний босқичида муваффақиятли тақдимотчилар сертификатлар билан тақдирланди. ТИҚХММИдаги ҳалқаро семинарда Махсус Мақсадларда Инглиз тилини ўқитишдаги мавжуд муаммоларга бир қатор ечимлар таклиф этилганлигини анжуманнинг самарали ва муваффақиятли ўтказилганлигидан далолат беради. Семинар жараёнидаги орттирилган тажриба ва фикрлар алмашинуви халқаро лойиҳанинг кейинги босқичларини аниқлаб олишга яқиндан ёрдам берди.
Институт матбуот хизмати раҳбари P. Жуманиёзов